Мексикада баъзи ҳудудларда ҳаво ҳарорати +50 ° C га этди. Сўнгги икки ҳафта ичида у ерда жазирама тўлқини оқибатида камида 100 киши ҳалок бўлди, деб ёзмоқда Reuters.
"Ўлим ҳолатларининг учдан икки қисмидан кўпроғи 18—24 июнь кунларига тўғри келган. Қолганлари — ўтган ҳафтада", — дейилади хабарда.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таъкидлашича, ўтган йили худди шу даврда фақат битта иссиқлик билан боғлиқ ўлим қайд этилган.
Ўлимларнинг 64% га яқини Техас билан чегарадош шимолий Нуево Леон штатида содир бўлган. Бошқаларнинг аксарияти: Мексика кўрфази соҳилидаги Тамаулипас ва Веракрус штатларида.
Деярли барча ҳолатларда ўлим сабаби иссиқлик уриши оқибатида юз берган. Бир неча қурбонлар сувсизланишдан вафот этган.
Охирги кунларда ёмғирли мавсум туфайли Мексикада ҳаво ҳарорати пасайган. Шу билан бирга, баъзи шимолий шаҳарлар ҳали ҳам иссиқлигича қолмоқда. Акончи шаҳрида чоршанба куни ҳаво ҳарорати +49°С га етган.
Уч ҳафталик иссиқлик тўлқини электр тармоғида рекорд даражадаги юкланишга олиб келган. Бу ҳукуматни баъзи ҳудудларда таълимни тўхтатишга мажбур қилган.
Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистондаги Уттар-Прадеш ва Бихар штатларида ғайритабиий иссиқлик туфайли уч кун ичида 98 киши ҳалок бўлди.






