Германиянинг Rheinmetall концерни яқин 12 ҳафта ичида Украинада зирҳли машиналар ишлаб чиқарувчи завод очади. Бу ҳақда компания бош директори Армин Паппергер CNN телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди, дея хабар бермоқда "zamon.uz".
Завод, Паппергернинг сўзларига кўра, мамлакатнинг ғарбий қисмида жойлашади. Янги корхонада танклар ишлаб чиқариш ва таъмирлашдан ташқари Германиянинг Fuchs зирҳли транспортёрлари ҳам ишлаб чиқарилади. Ушбу корхона негизида немис мутахассислари украиналикларга ишлаб чиқарилган зирҳли машиналарга техник хизмат кўрсатишни ҳам ўргатади.
«Украиналиклар ўзларига ёрдам бериши керак - агар улар кейинги 10 ёки 20 йил ичида доимий равишда европаликлар ёки америкаликларнинг ёрдамини кутса... бу мумкин бўлмаган нарсадир», — деди Rheinmetall бош директори.
Rheinmetall заводни «Укроборонпром» Украина давлат мудофаа концерни билан ҳамкорликда бошқаради, у ҳам заводга эгалик қилади. Май ойида компаниялар Украинанинг «мудофаа технологик имкониятларини» мустаҳкамлаш бўйича келишувни эълон қилган эди.
Шу йил бошида Rheinmetall вакили Rheinische Post газетасига компания Украинада йилига 400 га яқин танк ишлаб чиқаришга қодир бўлган 200 миллион евролик жанговар танклар заводини очиш ниятида эканини айтди.






