Глобал исиш - бу сайёрадаги иссиқлик миқдорининг меёрдан ошиб кетиши билан изоҳланади. Ҳароратнинг кескин кўтарилиши ўрмон ёнғинлари, чўлланиш, музликларнинг эриши, сувнинг кўпайиши, ҳаддан ташқари ёғингарчилик ва доимий тошқинларга сабаб бўлади. Тўғри, бу каби офатлар Ўзбекистонга деярли хавф солмайди. Бироқ юртимизда ёз йилдан йилга “аномаллашиб” бормоқда. Буни синоптиклар ҳам тасдиқлайди. Масалан , аср аввалидан бери фақат 2003 ва 2009 йиллардаги ёз иссиқлиги меъёрдан бироз пастроқ, бошқа барча ёз фасллари эса меъёр атрофида ва ундан баландроқ бўлган. 2015 йилдан бошлаб барча ёз фаслларида меъёрдан юқори ҳарорат қайд этиб келинмоқда. Бу йилги ёз чилласида ҳам республиканинг жанубий ҳудудларида ҳаво ҳарорати 50 даражагача етди.


Ўзбекистонда денгизнинг йўқлиги, дарахтларнинг аёвсиз кесиб ташланаётгани, тартибсиз қурилишлардан чиқаётган чанг-тўзонларни ҳисобга олсак, жазираманинг хавфлилик кўлами янада ортади.


Darakchi.uz Тошкент кўчаларида юриб одамлар иссиқдан қандай жон сақлаётганига қизиқди. Дўппи остида қамашган кўзлар, фавворада чўмилаётган болалар, “столба” соясида “жон сақлаётган” эркак, қуёш нурлари остида хизмат қилаётган ИИБ ходими ва бошқалар камераларимиз обективига тушиб қолди.

















