АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан урушни тугатиш бўйича келишувга эришилмаса, Ислом Республикасини “йўқ қилиши” мумкинлигини айтди. Шу билан бирга, у БМТ Бош ассамблеяси доирасида дипломатик музокаралар давом этаётгани ва келишув яқин орада тузилиши мумкинлигини билдирди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
22 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеясида нутқ сўзлаган Трамп Эрон бўйича катта қарор қабул қилиши кераклигини таъкидлади.
“Эрон билан унга қайта тикланиш ва аввалгидан анча кучли мамлакатга айланиш имконини берадиган келишув тузиладими? Ёки Ислом Республикасини тезда йўқ қиламанми? Уларга яна одамлар ва мамлакатларни ўлдириш ҳамда вайрон қилиш имконини бермайманми?” деди Трамп.
Эрон Қуролли кучлари Трампнинг БМТдаги баёнотларини “пропаганда” деб атади. Ҳарбийлар Эрон ҳар қандай тажовузга жавобан “янада оғир, вайрон қилувчи ва олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган зарбалар” беришга тайёр эканини билдирди.
АҚШнинг махсус вакили Стив Виткоффнинг маълум қилишича, АҚШ ва Эрон вакиллари БМТ Бош ассамблеяси доирасида воситачилар орқали узоқ музокаралар олиб борган. Унинг сўзларига кўра, воситачилар кун давомида икки томон ўртасида қатнаб турган ва музокаралар давом этади. Виткофф музокаралар “конструктив ва умидбахш” бўлишини кутаётганини айтди.
Трамп, шунингдек, Яқин Шарқ давлатлари раҳбарлари билан учрашди. Уларнинг аксариятида АҚШнинг йирик ҳарбий базалари жойлашган бўлиб, бу давлатлар уруш давомида Эрон ҳужумларига дуч келган.
Трамп минтақавий давлатлар раҳбарлари билан учрашувда Эрон билан боғлиқ вазият 3 ноябрдаги оралиқ сайловлардан кейин, эҳтимол ундан ҳам олдин тугаши мумкинлигини айтди.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий можарони юмшатишга бир неча ойдан бери уриниб келаётган Қатар Бош вазири Шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний билан учрашди.
Эроннинг юқори мартабали расмийси Reuters агентлигига Теҳрон АҚШ ҳарбий босимни юмшатса ва Эрон портларига қўйилган блокадани бекор қилса, Ҳурмуз бўғозини бир ҳафта ичида қайта очишга тайёрлигини маълум қилган.






