Бу “Шахматни янада оммалаштириш ва ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорида белгиланган.
Ҳужжатга кўра, халқаро нуфузли шахмат мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлган шахматчилар, шунингдек, уларни тайёрлаган мураббийлар учун бир марталик пул мукофотлари миқдори оширилган.
Жумладан, Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва паралимпиадасида катталар ўртасида:
— олтин медаль соҳиби — 200 минг доллар;
— кумуш медаль соҳиби — 100 минг доллар;
— бронза медаль соҳиби — 50 минг доллар миқдорида мукофот олади.
Аввалги тартибда ушбу мукофотлар мос равишда БҲМнинг 2000, 1000 ва 500 баравари, яъни 880 миллион, 440 миллион ва 220 миллион сўмни ташкил этган.
Ёшлар ўртасидаги Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва паралимпиадаси ғолиблари учун ҳам мукофотлар белгиланган. Олтин медаль учун 20 минг, кумуш медаль учун 10 минг, бронза медаль учун эса 5 минг доллар берилади.
FIDE таснифига кўра, жаҳон миқёсидаги мусобақаларда ғолиб бўлган шахматчига 15 минг доллар, кумуш медаль соҳибига 7,5 минг доллар, бронза медаль соҳибига эса 3 минг 750 доллар миқдорида рағбат пули тўланади.
Осиё миқёсидаги мусобақаларда эса олтин медаль учун 10 минг, кумуш медаль учун 5 минг, бронза медаль учун 2 минг 500 доллар мукофот берилади.
Шунингдек, халқаро гроссмейстер унвонини қўлга киритган шахматчига 5 минг АҚШ доллари миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади. Илгариги тартибда бу сумма 44 миллион сўмни ташкил этган.
Қарорда юқори натижаларга эришган шахматчилар билан бирга уларни тайёрлаган мураббийларни ҳам муносиб рағбатлантириш чоралари белгиланган.






