АсосийЖАМИЯТ

Андижонда тўқимачилик саноатига сунъий интеллект ва дуал таълим жорий этилмоқда

Давлат раҳбари корхона ишчилари билан мулоқот қилди.

'Андижонда тўқимачилик саноатига сунъий интеллект ва дуал таълим жорий этилмоқда'ning rasmi

Андижон вилоятида тўқимачилик саноатида сунъий интеллектдан фойдаланиш ва дуал таълим тизимини йўлга қўйишга эътибор қаратилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни Андижон туманидаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Eco Cotton” корхонаси фаолияти билан танишди.

Корхона давлат раҳбарининг 2026 йил 29 июндаги пахта толасини чуқур қайта ишлашни қўллаб-қувватлашга қаратилган қарори ижроси доирасида ташкил этилган. Бу ерда маҳаллий хомашёдан экологик тоза, халқаро стандартларга жавоб берадиган тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ички ва ташқи бозорларга етказиб берилмоқда.

Лойиҳага тадбиркор томонидан 10 миллион доллар сармоя киритилган. Натижада 1 мингта доимий иш ўрни яратилган. Корхона тўлиқ қувватда ишлаганда давлат бюджетига йилига 25 миллиард сўм тушум келтириши кутилмоқда.

Корхонада ишчи-ходимлар малакасини ошириш мақсадида дуал таълим тизими жорий этилган. Унда ёшлар назарий билимларни ишлаб чиқаришдаги амалий машғулотлар билан биргаликда ўзлаштирмоқда.

Ишлаб чиқариш жараёнлари рақамли бошқарув тизими орқали назорат қилинади. Хитойнинг етакчи компанияларидан бири ишлаб чиқарган замонавий автоматлаштирилган конвейер ускуналари ўрнатилган.

Корхонада экологик талабларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган чиқиндилар қайта ишланиб, уларнинг атроф-муҳитга салбий таъсири камайтирилмоқда.

Шунингдек, корхонада сунъий интеллект асосида ишлайдиган тикув дастгоҳлари ўрнатилган. Улардаги ақлли тизим мато турига қараб тикув жараёнини реал вақт режимида автоматик равишда созлайди. Бу чокларнинг юқори аниқликда ва нуқсонсиз бажарилишини таъминлайди. Гуманоид роботлар ҳам синов тариқасида ишлатилмоқда.

Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 30 турдаги 9,4 миллион дона трикотаж маҳсулотини ташкил этади. Маҳсулотларнинг умумий қиймати 135,3 миллиард сўмга баҳоланган.

Корхона маҳсулотлари рақобатбардош таннарх ва юқори сифати билан Туркия, Вьетнам, Хитой ва Ҳиндистон ишлаб чиқарувчилари маҳсулотлари билан рақобатлаша олиши қайд этилган.

Корхонанинг йиллик экспорт салоҳияти 10,5 миллион долларга тенг. Андижонда ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотлари Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Руминия ва Молдова бозорларига экспорт қилинмоқда.

Давлат раҳбари корхона ишчилари билан мулоқот қилди.

Шу ернинг ўзида Андижон вилоятида ёшлар билан ишлаш, уларни касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш, бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва келгуси режалар ҳақида ахборот берилди.

    Бошқа янгиликлар

    Андижонда тўқимачилик саноатига сунъий интеллект ва дуал таълим жорий этилмоқда - Darakchi.uz