Испаниянинг “Барселона” клуби “Камп Ноу” стадионида давом этаётган реконструкция ишлари сабабли 2027/2028 йилги мавсумни Олимпия стадионида бошлайди. Бу ҳақда ESPN хабар берди.
Бир неча кун олдин клуб “Камп Ноу”ни реконструкция қилиш лойиҳасини якунлаш учун қўшимча 510 миллион евро ажратишни маъқуллаган. Стадионда том қурилиши режалаштирилаётгани сабабли “Барселона” 2027/2028 йилги мавсум бошланишидан олдин асосий аренани бўшатиши керак бўлади.
Клуб 2028 йилги қишки танаффусдан сўнг “Камп Ноу”га қайтиши кутилмоқда.
Айни вақтда реконструкция ишлари сабабли стадионнинг сиғими тахминан 62 минг томошабин билан чекланган. “Барселона” 2028 йилда аренага қайтганида унинг сиғими 95 минг кишига етказилиши режалаштирилган.
2028/2029 йилги мавсум бошланишига келиб эса “Камп Ноу” 105 минг нафар томошабинга мўлжалланган ҳолда тўлиқ қувватда ишлаши кутилмоқда.






