Бугун эрталабки ҳолатга кўра, Жанубий Кореяда кучли ёмғир сабабли юзага келган сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида камида 32 киши ҳалок бўлди, 10 нафардан ортиқ инсон бедарак йўқолди ҳамда минглаб одамлар хавфсиз жойларга кўчирилди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.
«Yonhap» маълумотига кўра, ўлим ҳолатларининг аксарияти Шимолий Кёнсанг вилоятида қайд этилган бўлиб, бу ерда 17 киши асосан кўчкилар ва турар-жой биноларининг қулаши оқибатида нобуд бўлган ва тўққиз нафар инсон бедарак йўқолган.
Бугун эрталабки соат 6 даги ҳолатга кўра, 13 та шаҳар ва вилоятда яшаб келган 7 минг 540 нафар киши ўз уйларидан хавфсиз жойларга кўчирилган. Мамлакатда 211 та йўл ёпилган. Мустасно ўлароқ, тезюрар поездлар баъзи ҳудудларда ҳаракатни давом эттирган бўлса-да, табиий офат зонасидаги барча поездлар ҳаракати тўхтатилган.
Жанубий Корея об-ҳаво агентлиги яқин кунларда кутилаётган кучли ёмғир ҳақида огоҳлантирмоқда.
Ўзбекистоннинг Сеулдаги Элчихонасига кўра, ўлганлар ва жароҳатланганлар орасида мамлакатимиз фуқаролари йўқ. Вазият Ўзбекистон дипломатлари назорати остида.






