АсосийDunyo

Қирғизистонда давлат хизматчиларига иш вақтида қирғиз тилидан фойдаланиш мажбурий қилинди

'Қирғизистонда давлат хизматчиларига иш вақтида қирғиз тилидан фойдаланиш мажбурий қилинди'ning rasmi

17 июль куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров барча давлат хизматчиларига ўз ишида қирғиз тилидан фойдаланиш мажбуриятини юклаган давлат тили ҳақидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда Қирғизистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Қонуннинг янги таҳририга кўра, давлат идоралари фаолияти, ҳужжат айланиши, суд ишларини юритиш, халқаро шартномалар, географик номлар, шунингдек, таълим, фан, маданият ва оммавий ахборот воситалари каби 11 та йўналиш ва соҳаларда қирғиз тилидан фойдаланиш ҳам мажбурий бўлади. Хусусан, телерадиоэшиттиришлар ҳажми камида 60 фоизни ташкил этиши керак.

Бундан ташқари, қирғиз тили компьютер дастурлари интерфейслари, оммавий тадбирлар, реклама, транспорт ва мижозларга хизмат кўрсатишда мажбурий бўлади.

Депутатлар, Миллий банк ходимлари, ички ишлар органлари ходимлари, судьялар, прокурорлар, адвокатлар, нотариуслар, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажаришда қирғиз тилини билишлари шарт.

Қонунда таъкидланишича, Қирғизистон «ўз ҳудудида яшовчи барча этник гуруҳлар вакилларининг тилларидан эркин фойдаланиш тамойилига амал қилади ва бу тилларнинг ривожланиши учун шарт-шароит яратилишини кафолатлайди». Шунингдек, у мамлакатда рус тилининг расмий мақомида қолаётганини белгилайди.

 

    Бошқа янгиликлар