АҚШ Президенти Дональд Трамп давлатларни Халқаро жиноий суддан зудлик билан чиқишга чақирди. Бироқ БМТ Бош Ассамблеясининг юқори даражадаги ҳафталиги доирасида ҳозирча фақат Тинч океанидаги Науру давлати суддан чиқиш қарорини қабул қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Трамп 22 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида Халқаро жиноий судни “ёвуз” ва “қонундан ташқари ҳаракат қилувчи ташкилот” деб атади. У судга аъзо давлатларни ундан зудлик билан чиқишга чақирди.
“Мен Халқаро жиноий судга аъзо бўлган барча давлатларни ушбу қонундан ташқари ҳаракат қилувчи ташкилотдан зудлик билан расман чиқишга чақираман”, деди Трамп.
Трампнинг чақириқлари Вашингтоннинг Гаагада жойлашган судга нисбатан босимини кучайтираётган бир пайтга тўғри келди. АҚШ маъмурияти суд АҚШ ва Исроил каби Рим статутини ратификация қилмаган давлатлар фуқаролари устидан юрисдикция талаб қилиб, ўз ваколатларидан ошиб кетаётганини таъкидламоқда.
Шу билан бирга, бир қатор давлатларда Халқаро жиноий суддан чиқиш масаласи муҳокама қилинган бўлса-да, Европа давлатлари судни халқаро ҳуқуқий тизимнинг муҳим институти сифатида ҳимоя қилмоқда. Рим статутига 125 давлат аъзо ҳисобланади.
Нидерландия Бош вазири Роб Йеттен 24 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида Халқаро жиноий суд “ҳужум остида” эканини айтди.
“Энг оғир жиноятларни содир этган шахсларни жавобгарликка тортишга қандай қилиб қарши бўлиш мумкин? Менимча, бунга фақат битта жавоб бор: Халқаро жиноий судга ва халқаро ҳуқуқий тартибни ҳимоя қиладиган бошқа институтларга қўл теккизманг”, деди Йеттен.
Унинг нутқи залдаги делегатлар томонидан олқишлар билан кутиб олинди.
“Reuters” суҳбатлашган манбаларга кўра, АҚШ Халқаро жиноий суд ходимларига нисбатан молиявий санкциялар ва виза чекловларини жорий қилган. Шунингдек, Америка расмийлари суднинг фаолиятига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган қўшимча санкцияларни ҳам тайёрлаган.
Трамп маъмуриятининг Халқаро жиноий судга қарши чоралари, хусусан, суднинг 2024 йилда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуга нисбатан ҳибсга олиш ордери бергани билан ҳам боғлиқ. Суд ўша вақтдаги Исроил мудофаа вазири ва ҲАМАСнинг ҳарбий қўмондонига нисбатан ҳам ҳибсга олиш ордерларини чиқарган.






