АсосийДУНË

Туркия Ироқ шимолидаги ҳарбий базани Бағдодга қайтаришга рози бўлди

Базага оид келишув Анқара ва Бағдод ўртасидаги хавфсизлик масалалари бўйича музокараларнинг бир қисми бўлди.

'Туркия Ироқ шимолидаги ҳарбий базани Бағдодга қайтаришга рози бўлди'ning rasmi

Туркия Ироқ шимолида жойлашган Бошиқа–Зилкан ҳарбий базасини босқичма-босқич Ироқ федерал ҳукумати назоратига топширишга рози бўлди. Бу ҳақда икки давлат раҳбарларининг Нью-Йоркдаги учрашувидан сўнг эълон қилинган қўшма баёнотда маълум қилинди.

23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси доирасида Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған ва Ироқ Бош вазири Али ал-Зайдий учрашди. Томонлар хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга келишиб олди.

Келишувга кўра, Ироқ Синжар ҳудудида давлат ҳокимиятини тўлиқ тиклаш ва у ердаги тақиқланган хорижий қуролли гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш чораларини кўради. Туркия эса Ироқ томонининг хавфсизлик соҳасидаги чора-тадбирларида эришилган натижалардан келиб чиқиб, Бошиқа–Зилкан базасини келишилган механизм ва муддат асосида босқичма-босқич Ироқ федерал ҳукуматига топширади.

Бошиқа–Зилкан базаси Мосул яқинида, Ироқ шимолида жойлашган. Туркия ҳарбийлари мазкур ҳудудга 2015 йилда жойлаштирилган. Ўшанда Анқара бу қадамни Ироқ кучларини тайёрлаш ва “Исломий давлат”га қарши курашда маҳаллий кучларга ёрдам бериш зарурати билан изоҳлаган.

Базага оид келишув Анқара ва Бағдод ўртасидаги хавфсизлик масалалари бўйича музокараларнинг бир қисми бўлди. Ҳозирча Туркия қўшинларининг базадан чиқиб кетиши ва унинг Ироқ томонига тўлиқ топширилиши учун аниқ сана маълум қилинмаган.

Томонлар, шунингдек, савдо ва инвестиция соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, аввал имзоланган келишувларни амалга ошириш ҳамда, хусусан, “Тараққиёт йўли” стратегик лойиҳасини жадаллаштиришга келишиб олган.

    Бошқа янгиликлар

    Туркия Ироқ шимолидаги ҳарбий базани Бағдодга қайтаришга рози бўлди - Darakchi.uz