Хитой раҳбари Си Цзиньпин Хитой ва АҚШ ўртасида рақобатдан кўра ҳамкорлик устувор бўлиши, келишмовчиликлар эса назорат қилиниши лозимлигини айтди. Бу ҳақда Zamon.uz хабар берди.
Си Цзиньпин бу фикрларни АҚШга давлат ташрифи муносабати билан йўллаган ёзма баёнотида билдирган.
Унинг таъкидлашича, Хитой ва АҚШ халқларининг манфаатлари ўзаро чамбарчас боғлиқ. Шу боис икки давлат ўзаро тушунишни кучайтириб, барқарор муносабатларни ривожлантириш учун биргаликда ҳаракат қилиши керак.
“Хитой ва АҚШ рақиб эмас, балки ҳамкор бўлиши керак”, — деган Си Цзиньпин.
Хитой раҳбари икки давлат ўртасидаги муносабатларда ҳамкорлик устун бўлиши, рақобат мўътадил даражада сақланиши ва келишмовчиликлар назорат қилиниши зарурлигини қайд этган.
Унинг сўзларига кўра, Хитойнинг миллий тикланиш мақсади ҳамда АҚШ Президенти Дональд Трамп илгари сураётган “Американи яна буюк қилиш” концепцияси бир-бирини тўлдириши ва дунё учун манфаатли бўлиши мумкин.
Си Цзиньпин, шунингдек, Хитой ва АҚШ ўртасида тинч-тотув яшашнинг тарихий мантиғи, икки халқнинг дўстона муносабатларга интилиши ҳамда халқаро ҳамжамиятнинг икки давлатдан кутаётган умидлари ўзгармаганини таъкидлаган.
Си Цзиньпин 23 сентябрь куни АҚШга давлат ташрифи билан борди. У рафиқаси Пэн Лиюань билан Вашингтон яқинидаги Эндрюс авиабазасида АҚШ Президенти Дональд Трамп ва унинг рафиқаси Мелания Трамп томонидан кутиб олинган.
Хитой раҳбарининг АҚШга ташрифи 23–25 сентябрь кунлари давом этади. Ташриф доирасида Хитой–АҚШ муносабатлари ва халқаро масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда.






