Текширув давомида иккита — “312 КИНО” ва “312 ТВ” телеканаллари Қирғизистон Республикасининг “Телевидение ва радиоэшиттириш тўғрисида”ги қонунига риоя қилмагани аниқланди. Қонунга кўра, телекўрсатувларнинг камида 60 фоизи (жумладан, соат 07:00 дан 10:00 гача ва 18:00 дан 23:00 гача эфирга узатиладиган дастурлар) давлат тилида бўлиши шарт. Бу ҳақда zamon.uz хабар бермоқда.
Қайд этилишича, мазкур телеканалларнинг ҳар бири 23 минг сом (2,87 миллион сўм) миқдорида жаримага тортилган.
Маълумот ўрнида, Қирғизистон президенти Садир Жапаров 17 июль куни “Қирғизистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги конституциявий қонунни имзолаган эди. Унда давлат хизматчилари ва яна қатор соҳа вакиллари учун қирғиз тилини билиш мажбурий этиб қўйилган. Хусусан, телерадиокомпаниялар, шу жумладан, хусусий компаниялар ўз кўрсатувларининг камида 60 фоизини қирғиз тилида кўрсатиши шарт, деб белгиланган.






