АсосийИҚТИСОДИЁТ

"Ўзбекнефтгаз" Моделлаштириш маркази: конларда мавжуд газ захираларидан тортиб, янги топилма ва тадқиқотларгача бўлган аниқ рақамлар базаси

2020 йил 6 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни сама...

2020 йил 6 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонига кўра, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тарихида илк маротаба замонавий талабларга мос келадиган “OPEN-SPACE” кўринишида Моделлаштириш маркази барпо этилди. Хўш, бу марказ нима вазифани бажаради, соҳада нима янгилик қилмоқда?

 “Ўзбекнефтгаз” АЖ  томонидан журналистлар учун Моделлаштириш марказида пресс-тур ўтказилди ва айни юқоридаги саволларга жавоб берилди. 

Марказда Ўзбекистондаги мавжуд жамики газ конлари ва уларда мавжуд бўлган қудуқлар жойлашуви моделлаштирилган, рақамли маълумотлар базаси жамланган. Қайд этилишича, 2019-2023 йиллар мобайнида марказ томонидан "Ўзбекнефтгаз" АЖ тасарруфидаги 7200 дан ортиқ қудуқ бўйича 470 мингга яқин геологик ва техник маълумотлар, 1400 дан ортиқ қудуқ бўйича 44 мингта геофизик тадқиқотлар натижалари, 5476 км кв. ва 750 та сейсмик маълумотлар рақамлаштирилган. 

Маълумотлар аниқ рақамларга асосланган, шундай экан газ захиралари бўйича барчани қизиқтирган саволларга ҳам етарлича изоҳ берилди. 

"Республика бўйича энг кўп газ Қашқадарё вилоятида, энг ками эса (деярли йўқ) Фарғона водийсида қазиб чиқарилади. Таъкидлаш керакки, Ўзбекистондаги газ конларининг аксарияти 70-80 йилларда топилган ва айни пайтда у конларда газлар камайиб бормоқда. Бу табиий жараён. Ҳозирда бизнинг олдимиздаги энг катта вазифа ҳам янги газ конларини топишдир. Янги газ конларини топиш ва у ерда газ қудуқларини яратиб, қазиш ишларини олиб бориш бир қараганда оддий жараёндек туюлиши мумкин. Бироқ, биргина шу ишнинг ўзига қарийб беш йил вақт кетади ва бу жуда масъулиятли ва оғир жараёндир. Бугунги кунда энг истиқболли, ёш газ кони Устюрт газ кони ҳисобланади. Бизнинг моделлаштириш марказимизда мазкур газ конларининг айнан қайси ҳудудларида янги қудуқлар қазиш мумкинлигини аввал ўрганиб, кейин ишни бошлаш имкони яратилади. Авваллари бу ишлар ҳам таваккалчиликка асосланар эди", - дейди "Ўзбекнефтгаз" Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Бекзод Усманов.

Ўзбекистондаги энг катта газ конларидан бири бўлган “Шуртан” газ конининг 1980 йилдаги ва 2023 йилдаги газ захиралари ҳолати

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда режа бўйича бир йилда 32, млрд. куб газ қазиб олиш буюртмаси берилган. Ҳозирда соҳада рақамлаштиришни самарли йўлга қўйилгани ва бу борада аниқ ҳаракатларнинг самараси ўлароқ йиллик кўрсаткич 34 млрд.кубга етказилмоқда.

Хўш, қазиб олинган газ захиралари республика истеъмоли учун қандай тақсимот қилинади? Маълум қилинишича, газ маҳсулоти қазиб олинар экан, аввало у зарарли моддалардан истеъмолга яроқли қилиб қайта тозаланди ва режага кўра, "Ўзтрансгаз" ва "Ҳудудгаз" ташкилотларига тақсимот қилинади. Яъни, газни истеъмолчиларга етказиб бериш вазифаси бошқа икки ташкилот томонидан амалга оширилади.  

Шундан сўнг, "ЎзЛИТИнефтгаз" АЖ биносида мутахассислар томонидан “E-kon” лойиҳаси доирасида конларни рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Қайд этилишича, ушбу лойиҳа 1400 дан ортиқ қудуқ, 150 дан ортиқ газ йиғиш пункти ва 14 та газ тозалаш иншоотини босим ва ҳарорат сенсорлари билан жиҳозлашни кўзда тутади. Улардаги маълумотлар симсиз алоқа орқали фойдаланувчилар учун махсус серверларга узатилади.

Бугунги кунга қадар ҳар бир кон бўйича 340 тагача ахборот оқими ягона дастурий-техник комплексида тизимли равишда боғланди. Камида 20 минг ахборот оқимини "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг барча конлари учун ягона рақамлаштириш базасига бирлаштириш имконини берувчи глобал архиватор яратилди.

Пресс-тур давомида журналистлар яна бир муҳим масала —  ўтган йили бўлгани каби аномал совуқ яна такрорланадиган бўлса, бензин тақчиллиги кузатилиши эҳтимоли ҳақида сўрашди. Мутахассисларнинг таъкидланишича, бу борада қатор чора-тадбирлар режалаштирилмоқда, "Ўзбекнефтгаз" АЖ томонидан ёқилғи захираси яратилмоқда.

Нефт ва газ қазиб олиш жараёнларининг ўзи ҳақида яқиндан, янада яхшироқ маълумотга эга бўлиш учун эса Жамиятнинг навбатдаги пресс-тури айнан конларда ташкил этилиши режалаштирилаётгани маълум қилинди. 

    Бошқа янгиликлар