Saneg – 2030 йилгача нефть қазиб олишни кўпайтириш бўйича давлат дастури ижрочиси бўлган Ўзбекистондаги энг йирик вертикал интеграциялашган нефть-газ компанияларидан бири. Мазкур компания томонидан ОАВ вакиллари билан матбуот учрашуви ўтказилди. Қайд этилишича, компаниянинг стратегик мақсади углеводород хомашёсини чуқур қайта ишлаш ва юқори сифатли нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича мамлакат ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришдан иборат.
"Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2023 йилнинг 6 ойи давомида Фарғона НҚИЗ (Нефтни қайта ишлаш заводи)да нефть хомашёсини қайта ишлаш ҳажми 650,5 минг тоннани ташкил этиб, 2022 йилга нисбатан 61 фоизга ўсди. Бу компанияга 502,7 минг тонна нефть маҳсулотлари сотиш имконин берди, бу ўтган йилга нисбатан 73,3 фоизга кўпдир. Биринчи ярим йилликда Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши учун етказиб берилган асосий маҳсулотлар қуйидагилар бўлди: дизель ёқилғиси – 208 минг тоннадан ортиқ ва бензин – 168 минг тоннадан ортиқ", - дейди Saneg компанияси ижрочи директори Тўлқин Юсупов.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги истеъмолчиларни нефть маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида компания томонидан 2023 йил апрель ойида "Тошкент" халқаро аэропортидаги ёқилғи қуйиш мажмуаси ҳудудида нефть маҳсулотларини сақлаш ва тарқатиш терминали фойдаланишга топширилди. Бугунги кунга қадар терминал орқали 30 минг тоннадан ортиқ нефть маҳсулотлари етказиб берилди, бу эса Тошкент шаҳрида жойлашган ёқилғи қуйиш шохобчаларининг 40 фоиздан ортиғини қоплаш имконини берди.
Компания бизнеснинг янги йўналишини ривожлантирмоқда ва бутун Ўзбекистон бўйлаб замонавий ёқилғи қуйиш шохобчалари қурмоқда. Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган биринчи ёқилғи қуйиш шохобчасини жорий йилнинг сентябрь ойида фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Таъкидланишича, аҳолини ёқилғи билан узлуксиз ва сифатли маҳсулот билан таъминлаш, қиш мавсумларидаги тақчилликлар олдини олиш борасида компания томонидан ҳозирдан амалий чоралар кўрилмоқда.
Шунингдек, компания томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида суюқ углеводородлар қазиб олиш ҳажми 305,2 минг тоннани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,6 фоизга ўсди. Газ қазиб олиш 723,2 миллион куб метрни ташкил этди, бу 2022 йилнинг шу даврдаги кўрсаткичидан 22,8 фоиз кўп. Ўртача суткалик углеводород қазиб олиш ҳажми 1648 тоннани ташкил этди, бу 2022 йилнинг биринчи ярмидагига нисбатан 1,7 фоизга кўпдир.
Қашқадарё вилоятининг "Чегара", “Янги Қоратепа”, “Шарқий Испанли” ва "Жейнов" конларида нефть ва газ қазиб олишни кўпайтириш лойиҳалари алоҳида амалга оширилган.
“Ушбу натижалар Sanegнинг тўлиқ интеграциялашган нефть-газ компанияси сифатида Ўзбекистонга тақдим этиши мумкин бўлган кенгайтирилган имкониятлар ва самарадорлик даражасини кўрсатиб беради", - дейди копания ижрочи директори.



