Аввал хабар берганимиздек, Darakchi.uz мухбири айни пайтда Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази томонидан ташкил этилган инфо-тур доирасида ушбу мамлакатда бўлиб турибди. Мухбиримиз сафар давомида Озарбайжон Республикаси Бош прокуратурасида ўтказилган бедарак йўқолганларга бағишланган брифингда иштирок этди.

Брифингда Озарбайжон Республикаси ҳарбий асирлар, гаровга олинганлар ва бедарак йўқолган фуқаролар бўйича Давлат комиссияси ишчи гуруҳи раҳбари Исмоил Охундов Қорабоғдаги турли ҳудудлардан топилган оммавий қабристонлардаги 15 кишига тегишли суяк қолдиқларидан уларнинг шахси аниқланганини маълум қилди.

Darakchi.uz мухбирининг келтиришича, биринчи Қорабоғ уруши давомида 4000 атрофида бедарак йўқолганлар бўлган. Исмоил Охундов томонидан таъкидланишича, оммавий қабристондан топилганлар орасидан 15 кишининг шахсига аниқлик киритилган.

– Албатта 4000 нафар бедарак йўқолганларга нисбатан бу рақам жуда оз. Лекин бу хозирча бошланиши. Оммавий қабристонлардан топилганларнинг шахсини аниқлаш жараёни давом этмоқда.
Шахсига аниқлик киритилганлардан 11 нафари ҳарбий бўлган, қолган 4 нафари эса тинч аҳоли вакилларидир. Улар орасида бир нафар аёл ҳам бор, – деди Охундов.

Маълум қилинишича, 15 нафар ҳалок бўлганлардан 7 нафари Дашалти қишлоғида, 4 нафари Қалбажар туманида, 4 нафари Физулий туманида бедарак йўқолган эди. Хозирча уларни қайта дафн этишга тайёргарлик кўрилмоқда.
Марҳумларнинг яқинлари ўз қардошларини ватанларида қайта дафн этишни истамоқдалар. Аммо мутахассислар томонидан таъкидланишича, бу осон бўлмайди. Чунки Қорабоғ ҳудудини минадан тозалаш ишлари давом этмоқда ва яқин-орада ҳудудни тўлиқ хавфсиз ҳолатга келтириш деярли имконсиз бўлиб турибди.





