АсосийДУНË

Швецияда 24 мингдан ортиқ кумуш тангадан иборат хазина топилди

Швецияда викинглар даври ва илк ўрта асрларга оид 24 мингдан ортиқ кумуш танга ҳамда бошқа қимматбаҳо буюмлардан иборат йирик хазина аниқланди.

'Швецияда 24 мингдан ортиқ кумуш тангадан иборат хазина топилди'ning rasmi

Мамлакат Миллий мерос кенгаши мазкур топилмани Швецияда ҳозиргача топилган энг йирик танга хазинаси деб баҳолаган.

«Ҳёрнингсхольм хазинаси» 2025 йил август ойида Сёдертелье муниципалитетига қарашли Мёркё ҳудудидаги Ҳёрнингсхольм 2:7 ер майдонидан топилган. Унинг таркибидан тахминан 24 минг 100 та кумуш танга ва 144 та бошқа буюм аниқланган.⁠

Топилмалар асосан кумушдан иборат бўлиб, улар орасида зарҳал буюмлар ва оз миқдорда олтин ашёлар ҳам бор. Хазина умумий ҳолда яхши сақланган.

Топилма викинглар даври ва илк ўрта асрларга оид бўлиб, унинг таркибида камёб епископ тангаларининг жуда кўп экани ҳам қайд этилган. Мутахассисларга кўра, хазина Швециянинг илк иқтисодиёти, узоқ масофалардаги алоқалари ҳамда ёзма манбалар кам бўлган даврдаги жамият тузилиши ҳақида янги маълумотлар бериши мумкин. 

Хазинани топган шахс уни қонунчилик талабларига мувофиқ равишда зудлик билан вилоят маъмуриятига хабар қилган. Шундан сўнг археологлар топилмани ўрганишга киришган.

Швеция Миллий мерос кенгаши хазинани давлат томонидан 4 миллион швед кронаси миқдоридаги товон эвазига қабул қилиб олишга қарор қилган. Бу Швецияда тарихий топилма учун тўланган энг юқори товон пули ҳисобланади. 

Миллий мерос кенгаши вакили, бош антиквар Магнус Ларссоннинг айтишича, товон миқдорини белгилашда хазинанинг ниҳоятда юқори тарихий-маданий аҳамияти ҳамда топилмани аниқлаган шахсга адолатли товон тўлаш зарурати ҳисобга олинган. 

Мазкур хазина Швеция тарихининг викинглар давридан илк ўрта асрларга ўтиш жараёнини ўрганишда муҳим археологик манба бўлиши кутилмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Швецияда 24 мингдан ортиқ кумуш тангадан иборат хазина топилди - Darakchi.uz