Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги тоғли Қорабоғ можаросини билмаган, ўқимаган ёинки, бир маротаба бўлсада эшитмаган одам бўлмаса керак. Қорабоғ аҳолиси Арман босқинчиларидан узоқ йиллар давомида азият чекиб келган.
Аввал хабар берилганидек, Darakchi.uz мухбири айни пайтда Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази томонидан ташкил этилган инфо-тур доирасида Қорабоғнинг арман босқинчиларидан тортиб олинган ҳудудларида бўлиб турибди. Илк манзил “Кавказ Хиросимаси” номини олган Агдам шаҳри бўлди.

Агдам қандай шаҳар?
Агдам тумани 1930 йилда ташкил топган. 1993 йил 23 июлда Арманистон қуролли кучлари Қорабоғ марказида жойлашган Агдамнинг катта қисмини эгаллаб олaди. Ишғол қилинган ҳудудлар орасида Агдам аҳоли сони бўйича энг катта шаҳар ҳисобланган. Босқинга қадар ҳудудда 143 минг киши яшаган. Майдони 1094 kv.km бўлган Агдамнинг 846,8 kv.km, яъни 77,4% 1 та шаҳар ва 80 та қишлоқ арманлар қўлига ўтган. Ўша вақтгача Агдамда 1 та шаҳар ва 124 та қишлоқ бўлган. Бу ишғол вилоятга 13 миллиард 135 миллион АҚШ доллари миқдорида зарар етказган. Агдамликлар ҳам биринчи, ҳам иккинчи Қорабоғ урушларида қаҳрамонларча курашган, кўплаб шаҳидлар берган.

Агдамнинг озод этилиши
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Россия Президенти Владимир Путин томонидан 2020 йил 10 ноябрда имзоланган уч томонлама баёнотга мувофиқ, Агдам 20 ноябр куни расман Озарбайжонга қайтарилди.
Худди шу йили 27 сентябр куни Озарбайжон армияси қарши ҳужумда Арманистон Қуролли кучлари устидан ғалаба қозонган. Шу тариқа, 44 кунлик уруш натижасида 27 йилдан буён ишғолда бўлган Агдам шаҳри озод қилинган.

Агдам аҳолиси уйга қайтади
Уруш тугаганидан кейинги даврда Озарбайжон ҳукумати мамлакатнинг озод қилинган ҳудудларида инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга киришди, бу ерда янги йўллар қурилиб, энергия таъминоти тикланмоқда.
Расмий Бокунинг мақсади 2026 йил охиригача минтақа аҳолисини 10 минг кишига, кейинги йилларда эса 100 минг кишига етказишдир.
Босқингача минтақанинг саноат маркази ҳисобланган Агдамнинг саноат инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ҳам ташаббуслар амалга оширилмоқда. Ушбу ташаббуслар доирасида вилоятда Агдам саноат парки барпо этилади.
Бундан ташқари, Агдам шаҳридаги тарихий масжид ва Имарет мажмуаси реставрация қилинмоқда, унинг ҳудудида Қорабоғ хони - Панаҳали хоннинг қабри жойлашган.

Шаҳарда бинолар қурилиши “ақлли шаҳар” консепцияси доирасида амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари “Қорабоғ” футбол жамоаси ўз ўйинларини ўтказадиган стадион ҳам қурилади. Орадан бир неча йил ўтиб, бу ерларнинг ҳақиқий эгалари қайтиши билан Агдам йирик спорт мусобақалари ўтказиладиган ҳудудга айланади.
Шаҳарни таълим марказига айлантириш ҳам режалаштирилган ва бу ташаббуслар доирасида Агдамда Қорабоғ университети очилади.
“Янги Агдам” қурилишида Озарбайжон билан бирга АҚШ, Канада, Исроил, Нидерландия ва Туркия компаниялари иштирок этмоқда.

Босқинчилардан озод этилган Агдамнинг асосий муаммоси?
Миналар - Озарбайжон ерлар озод қилинганидан сўнг ҳукумат дуч келган илк муаммо бўлди. Дастлабки тахминларга кўра, бу ерда - бутун Қорабоғ бўйлаб, миллиондан ортиқ мина ўрнатилган. Муаммо шундаки, мина қўйилганда ҳеч қандай тартибга риоя қилинмаган. Баъзи жойларда турли хил миналар бир-бирининг устига қўйилган.

Ҳудудни минадан тозаловчилар уларни сюрприз деб атайди. Бу ҳақда Darakchi.uz мухбири билан суҳбатлашган Озарбайжон Республикаси Президентининг Қорабоғ иқтисодий раёнининг озод қилинган қисмидаги махсус вакили Араз Иманов гапириб берди.

“Арманистонга қилинган узоқ босимдан сўнг биз "мина ёзувлар"ини қўлга киритдик. Улар бу ёзувларни "мина харитаси" деб аташади. Бироқ, бу харита эмас, бу шунчаки ҳарбийларнинг ўзлари учун қилинган эслатмалари.
Биринчидан, бу "хариталар"да барча ҳудуд қамраб олинмаган. Иккинчидан, бу "ҳужжатлар"нинг аниқлик даражаси бор-йўғи 25%. Бунда 4 тадан битта мина аниқ кўрсатилган. Шунинг учун биз бундан фойдаланмаймиз”, дейди Араз Иманов.

Маълум қилинишича, бугунги кунда 800 кв метрдан ортиқ майдон минадан тозаланган. Бироқ, бу умумий майдоннинг 10%дан камроғи дегани. 30 йилга яқин қарамликда бўлган бутун ҳудудни Ливан ёки Қатар билан солиштириш мумкин.

Тўқнашув нуқталаридан ташқари миналар ички ҳудуд бўйлаб ҳам ёйилган. Яъни, озарбайжонликлар илк навбатда борадиган манзиллар - қабристонлар, диний ёдгорликлар, масжидлар, қишлоқлар, уйлар миналанган. Бу ерлар озод қилингандан кейин ҳам 300 нафардан ортиқ киши миналар қурбонига айланган. Бу ҳолатларнинг 70%дан ортиғи ички ҳудудларга тўғри келади.

Озарбайжон миналарни идентификациялашда дронлардан фойдаланаётган биринчи давлат.
Президент вакилининг Darakchi.uz’га маълум қилишича, ҳудудни минадан тўлиқ тозалаш учун 25-30 йил керак бўлади. Бундан ташқари, жуда катта маблағ - 20 млрд доллардан ортиқ пул талаб этилади.





Эслатиб ўтамиз, Озарбайжонга қилган сафаримиз давом этади. Бизни кузатишдан тўхтаманг.





