АсосийДУНË

“Арвоҳ шаҳар”га айланган Фузулий... Озарбайжоннинг саноат ва қишлоқ хўжалиги ривожланган бу ҳудуди арман босқинидан кейин қай кўринишда? (фото)

Аввал хабар берилганидек, Darakchi.uz мухбири Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбай...

Аввал хабар берилганидек, Darakchi.uz мухбири Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази томонидан ташкил этилган инфо-тур доирасида Қорабоғнинг арман босқинчиларидан тортиб олинган ҳудудларида бўлиб қайтди. 

Сафар давомида кўрганимиз, ачинганимиз, арман босқинининг бор талофотларини ҳис қилганимиз Фузулий шаҳри бўлди. Ўтган қарийб 30 йилда Фузулий буткул вайрон бўлиб, “арвоҳ шаҳар”га айланган эди. Ҳарбий ҳаракатларга қадар бу ерда 18 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилган.

Шаҳар буюк озарбойжон шоири ва мутафаккири Муҳаммад Фузулий шарафига номланган. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларигача Фузулий туманида саноат ва қишлоқ хўжалиги ривожланган. Бу ерда кутубхоналар, маданият уйлари, музейлар, театрлар, боғлар ва бошқа маданий объектлар фаолият юритган. Хўш, бу шаҳар нимаси билан аҳамиятли, унинг бугуни ва эртаси қандай бўлади?

Урушнинг шаҳарга таъсири

1988 йилда бошланган арман босқинчилигига қарши курашда бошқа ҳудудларда бўлгани каби Фузулийнинг минглаб одамлари жанг қилди, шаҳарнинг юзлаб аҳолиси ўлдирилди ёки ярадор бўлди. 

Очиқ маълумотларга кўра, Арманистоннинг Фузулидаги тажовузи натижасида 36 минг 361 бола жароҳат олган, улардан 155 нафари етим бўлиб қолган. 

1993 йил 23 августда Фузулий Арманистон армияси томонидан ишғол қилинади, 2020йил 17 октябрга келибгина шаҳар Озарбайжон Қуролли Кучлари томонидан озод қилинди.

Истилода ўтган 27 йил давомида шаҳарнинг 51 қишлоқ ва туман марказлари арманлар томонидан вайрон қилинган, 55 мингга яқин аҳоли ўз уйидан қувилган. 

Минтақанинг яна бир муаммоси - озод қилинган ҳудудларни миналардан тозалаш. Оташкесим тўғрисидаги битим имзолангандан сўнг, Фузулий вилоятини миналардан тозалаш ишлари бошланди.

Шаҳарга ҳаёт қайтмоқда

Юқорида айтганимиздек, 2020 йил 17 октябрда Фузулий Озарбойжон назоратига қайтди. Шундан сўнг, шаҳарда кенг кўламли тиклаш ва қурилиш ишлари бошланди. Шаҳарда халқаро аэропорт, замонавий турар-жой мажмуаси, тиббиёт ва таълим муассасалари қуриб битказилди. Фузулийни тиклаш ишларини 2026 йилгача якунлаш режалаштирилган.

2023 йил июль ойида президент Илҳом Алиев 17 октябрни Фузулий шаҳри куни деб белгилаб, уни ҳар йили тантанали равишда нишонлаш ҳақидаги қарорга имзо чекди.

Фузулийнинг эртаси қандай бўлади?

2023 йил 18 март Озарбайжон Республикаси Бош вазирининг “Фузулий шаҳрини 2040 йилгача ривожлантиришнинг бош режаси” тасдиқлаш бўйича қарори қабул қилинди. 

Унгача эса, Фузулийнинг 10 та қишлоғини тиклаш режалаштирилган.

Унга кўра, Фузулий шаҳар шифохонаси, марказий истироҳат боғи, Фузулий болалар боғчаси каби бир қатор ижтимоий объектлар қурилади. 

Маълумот учун айтиш мумкинки, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу мамлакатга қилган давлат ташрифи мобайнида Фузулийда Ўзбекистон томонидан 960 ўринли мактаб биноси қуриб фойдаланишга топширилди. 

Бундан ташқари Қозоғистон Республикаси томонидан Қурмангази номидаги болалар ижодиёти маркази қурилиши кетмоқда. 

Умуман олганда Фузулийда одамлар яшаши учун барча шароитлар яратилади. 

Жорий йилнинг 18 август куни Бокунинг Гарадағ туманидаги “Гобу парк 3” турар-жой мажмуасидан Фузули шаҳрига биринчи миграция карвони жўнатилди.

Боку, Сумгаит шаҳарлари ва Абшерон вилоятида вақтинчалик истиқомат қилган 23 оила – 90 киши ўз ватанларида истиқомат қилишни бошлади.

Уй-жойларни тақсимлаш ошкоралик ва адолат тамойиллари асосида ички кўчирилганларга янги турар-жой майдонларини беришнинг амалдаги қоидалари асосида лотерея орқали амалга оширилди.

Лотерея 5 август куни Давлат қўмитасининг Репатриация бўлимида бўлиб ўтди. Ўйинда 144 та оила (509 киши) иштирок этди. Оила таркибига кўра, уларнинг 51 нафари икки хонали, 76 нафари уч хонали, 17 нафари тўрт хонали хонадон билан таъминланган.

Карим ЗАРИПОВ тайёрлади

    Бошқа янгиликлар