АҚШ ва Полша доимий Америка ҳарбий базасини ташкил этиш масаласида сезиларли олға силжишга эришди. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп маълум қилди.
Трамп 17 сентябрь куни ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Полша Президенти Карол Навроцкийнинг ташаббусдаги ролини алоҳида таъкидлаган.
"Полшада АҚШ армияси базасини ташкил этиш бўйича сезиларли ютуқларга эришилмоқда. Агар бу амалга ошса, база жойлашадиган ҳудуд тез орада маълум қилинади", деб ёзган Трамп.
Унинг сўзларига кўра, мазкур база АҚШ ва Полша ўртасидаги иттифоқ учун тарихий қадам бўлиши мумкин.
Айни пайтда Полшада АҚШ ҳарбийлари мавжуд. Бироқ мамлакатдаги Америка қўшинларининг асосий қисми ҳозиргача ротатсия асосида хизмат қилмоқда.
Полша ҳукумати АҚШнинг мамлакатдаги доимий ҳарбий иштирокини кенгайтириш масаласини аввал ҳам кўтарган. Жорий йил июнь ойида Полша мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш АҚШ Мудофаа вазирлиги Варшаванинг таклифини кўриб чиқишга очиқ эканини, аммо ўша вақтда якуний қарор қабул қилинмаганини билдирган.
Трампнинг сўнгги баёнотига кўра, энди база жойлаштирилиши мумкин бўлган ҳудуд яқин орада эълон қилиниши кутилмоқда.






