АсосийДУНË

“Қорабоғ марвариди” – Шуша. Шаҳар нимаси билан озарлар учун аҳамиятли (фото)

Аввал хабар берилганидек, Darakchi.uz мухбири Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбай...

Аввал хабар берилганидек, Darakchi.uz мухбири Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази томонидан ташкил этилган инфо-тур доирасида Қорабоғнинг арман босқинчиларидан тортиб олинган ҳудудларида бўлиб қайтди. 

Сафар давоми арман босқинидан озод қилинган Агдам, Лочин, Фузулий ва албатта Шуша шаҳарларида бўлдик. Бошқа шаҳарлардан фарқли ўлароқ, Шуша Озарбайжоннинг маданият, санъат ҳамда адабиёт ривожланган марказларидан бири ҳисобланади. 

Шуша “Қорабоғ дурдонаси”, “Кавказ санъати маркази” ва “озарбайжон мусиқаси бешиги” номлари билан машҳур. Шаҳар бир қатор таниқли фан, маданият ва санъат арбоблари ватанидир. 

2021 йилдан буён Шуша Озарбайжоннинг маданий пойтахти ҳисобланади, 2023 йилда эса туркий дунё маданий пойтахти деб эълон қилинган.

Сезиб улгурганингиздек, навбатдаги ҳикоямиз Шуша, унинг истилоси ва озод қилиниши ҳақида бўлади. 

Шушанинг ишғол қилиниши

Шуша шаҳрининг пойдевори 1751 йилда Қорабоғнинг биринчи хони Панаҳалихон томонидан қўйилган ва шаҳар ҳатто бир муддат Панаҳобод деб ҳам аталган. XIX аср бошларида рус-форс уруши натижасида бошқа хонликлар қатори Россия империяси таркибига қўшилган Қорабоғ хонлигининг асосий маданий-иқтисодий маркази ва пойтахти бўлган. Озарбайжонлар шаҳар аҳолисининг асосий қисмини ташкил қилган. 

Шуша 1992 йил 8 майга ўтар кечаси арманлар томонидан босиб олинган. Бироқ бу ишғол арманлар учун унчалик осон бўлмаган. 11 минг арман аскарига оз сонли озарбайжонлар қаршилик кўрсатган. 10 соатдан ортиқ давом этган жангларда 1860 нафар озарбайжонлик яраланган, 480 нафари ҳалок бўлган, 22 минг киши ўз ватанини тарк этишга мажбур бўлган. 

Шушанинг озод этилиши 

300 йиллик тарихга эга Шуша Қорабоғнинг стратегик муҳим обекти ҳисобланади. Гап шундаки, денгиз сатҳидан 1400 метр баландликда жойлашган Шуша ҳатто саёҳатчилар учун ҳам қийин релефга эга. Ҳарбий нуқтаи назардан, шаҳар уч томондан тик қоялар билан ўралганлиги сабабли, деярли ўтиб бўлмасдек кўринади. 

44 кун давом этган иккинчи Қорабоғ урушида Озарбайжон қўшини учун вазиятни мураккаблаштирган нарса шу эдики, душман қўшинлари Шушани шимолдан, Хонкенди йўналишидан, шарқдан Хўжаванд йўналишидан, ғарбдан эса Лочин йўналишидан назорат қилиб турарди. Озарбайжон қўшини олға силжаётган жанубий йўналишда Арманистон ҳарбий раҳбарияти ўзининг энг элита, жанговар қобилиятли бўлинмаларини жангга ташлади.

Шунга қарамай, Озарбайжон армиясининг махсус топшириқлар бўлинмаси бир қарашда имконсиздек кўринган ишни уддалади. Улар оғир техникаларсиз Шушани ўраб турган тоғларга тирмашиб чиқиб, арманларнинг ортидан ҳужумга ўтди ва шаҳарни эгаллади. Баъзи манбаларнинг билдиришича, Озарбайжон махсус бўлинма кучлари ва арманлар ўртасида қуролсиз курашлар ҳам бўлган ва жангдан кейин кўплаб арманлар ўқотар қуролдан эмас, пичоқдан жароҳатлангани аниқланган.

Шушадаги бу ғалаба иккинчи Қорабоғ урушида бурилиш нуқтаси бўлди. 9 ноябрь – шаҳар эгалланганидан бир кун ўтиб, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Россия Президенти Владимир Путин урушни тўхтатиш тўғрисида уч томонлама баённома имзолади.

Шуша – “Қорабоғ марвариди”

2022 йил Озарбайжонда “Шуша йили” деб эълон қилинган. Бу ҳам бежизга эмас. 

Шушанинг яна бир ўзига хослиги шундаги, шаҳарда нафақат озарбайжонликлар, балки дунё номоддий-маданий мероси учун аҳамиятли бўлган қадамжолар кўп. Шулардан бири 1883 йилда барпо этилган Соатли масжиди.

Соатли масжиди 1883 йилда Шушанинг шу номли маҳалласида қурилган. Соатли — Шушанинг XIX асрда ташкил этилган юқори маҳаллаларидан бири. Машҳур озарбайжон меъмори Карбалайи Сафихон Қорабоғийнинг яна бир маҳсулоти бўлган масжид ва унинг миноралари Шушадаги аввалги масжидлари, Юхари Говҳар Оға масжиди, Ашағи Говҳар Оға масжиди ва Агдамдаги Агдам масжиди дизайни асосида қурилган. Соатли масжиди Карбалайи Сафихон Қорабоғининг сўнгги дурдоналаридан бири ҳисобланиб, икки минорали қилиб қурилган. Масжидда Қорабоғ меъморчилигига хос бўлган нақшинкор безакли уч навли намозхон ва ғиштли минораси бор.

Яна бир маскан Шушанинг бош майдони. Бу ерда Озарбайжон маданиятининг атоқли арбоблари – Хуршидабону Нотавон, Булбул, Узейир Хожибейли бюстлари ўрнатилган. Бундан ташқари, шаҳар аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаб келган “Хон қизи” булоғи, Озарбайжоннинг таниқли санъат арбоби Булбулнинг уй-музейи, “Меҳмондоровлар уйи” меъморий ёдгорлиги ҳамда ўтмишда отчопарлар ўртасида мусобақалар ўтказилган машҳур Жидир текислиги ўзининг тарихий аҳамиятини бугунги кунгача сақлаб келмоқда. 

Карим Зарипов тайёрлади

 

    Бошқа янгиликлар