9—10 сентябрь кунлари Деҳлида бўлиб ўтадиган G20 саммитида Африка Иттифоқининг (АИ) Г20га қўшилиш ҳақидаги аризаси қаноатлантирилиши мумкин, деб ёзади Times of India газетаси.
Ушбу саммитда АИни "йигирмалик клуби"га киритиш ташаббуси Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модига тегишли бўлиб, у буни иштирокчи мамлакатларнинг барча раҳбарларига йўллаган мактубида баён қилган ва бу якуний йиғилишда ўз аксини топиши мумкин.
Ҳиндистон расмийларига кўра, “Модининг Африка Иттифоқига G20 аъзолиги бўйича таклифи Ҳиндистоннинг глобал муносабатларни шакллантиришда Африка вакиллиги ва шериклигини мустаҳкамлашга содиқлигини кўрсатади”.
Газетанинг қўшимча қилишича, "дунёнинг энг тез ривожланаётган иқтисодиётлари Африкада жойлашган бўлиб, уларнинг умумий ялпи ички маҳсулоти 2,4 триллион долларни ташкил қилади".
Ўз навбатида, Bloomberg ахборот манбаларига таяниб, АИни G20 аъзолигига қабул қилиш тўғрисида қарор аллақачон қабул қилинганини хабар қилмоқда.
“20 та давлатдан иборат гуруҳ Африка Иттифоқига G20 доимий аъзоси мақомини беришга рози бўлди”, — дейилади агентлик хабарида. Манбаларнинг қайд этишича, АИ Европа Иттифоқи билан бир хил мақомга эга бўлади.
АИнинг G20 таркибига қўшилиши “Ҳиндистон президентлигининг энг муҳим ютуғи бўлиши мумкин”, чунки иштирокчилар Украина можароси бўйича консенсусга эриша олмадилар, деб таъкидлайди Times of India.






