АҚШ Сенати Украинага ёрдам учун ажратиладиган маблағ миқдорини Оқ уй сўраган 24 миллиард доллар ўрнига 6 миллиард долларгача камайтиришни таклиф қилди, деб ёзди New York Times қонун лойиҳасига таяниб.
Қонун лойиҳасига кўра, "Украинадаги вазиятга жавоб бериш учун" Пентагон орқали 4,5 миллиард доллар ажратилади. Қўшимча ёрдам учун Давлат департаментидан яна 1,65 миллиард доллар келади.
АҚШ ҳукуматини молиялаштириш 17 ноябргача узайтирилиши кутилмоқда. NYT хабар беришича, мамлакатдаги табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш учун яна 6 миллиард доллар ажратиш таклиф қилинмоқда. Оқ уй ушбу мақсадлар учун 16 миллиард доллар сўраган.
Конгресс 30 сентябргача келаси йил бюджетини якунлаши ёки ҳеч бўлмаганда ҳукуматни молиялаштириш бўйича муваққат резолюцияни қабул қилиши керак. Ҳужжатлар ўз вақтида қабул қилинмаса, ҳукумат иши тўхтатилади.
Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби 26 сентябрь куни Украинага яна бир неча ҳафта давомида ҳарбий таъминот етказиб бериш учун етарли маблағ бўлишини айтди. Қўшимча маблағнинг этишмаслиги, деди у, куз ва қишда Украинани қўллаб-қувватлаш қобилиятига таъсир қилади.