АсосийДУНË

Қўқонда 4 ўсмир маст эркакнинг 9 минг долларини тортиб олди

Тезкор тадбирлар давомида жиноий йўл билан қўлга киритилган маблағларнинг бир қисми — 700 АҚШ доллари ва 780 минг сўм ашёвий далил сифатида олинган.

'Қўқонда 4 ўсмир маст эркакнинг 9 минг долларини тортиб олди'ning rasmi

Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида фуқаронинг 9 минг АҚШ доллари бўлган ҳамёнини куч ишлатиб тортиб олганликда гумонланаётган тўрт нафар ўсмир аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, воқеа 12 июль куни Қўқон шаҳридаги Алишер Навоий мавзесида содир бўлган. Маст ҳолда кетаётган фуқарони аввалдан таниш бўлган тўрт нафар ўсмир тўхтатган.

Гумонланувчилар фуқарога тан жароҳати етказиб, унинг ичида 9 минг АҚШ доллари бўлган ҳамёнини олиб кетган. Шундан сўнг пулни ўзаро тақсимлаб, воқеа жойидан яширинган.

Тезкор тадбирлар давомида жиноий йўл билан қўлга киритилган маблағларнинг бир қисми — 700 АҚШ доллари ва 780 минг сўм ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Гумонланувчиларнинг икки нафари процессуал тартибда ушланган.

Ҳодисанинг ҳуқуқий квалификацияси ва иш бўйича якуний қарор терговга қадар текширув ҳамда кейинги процессуал ҳаракатлар натижасига кўра маълум бўлади.

    Бошқа янгиликлар

    Қўқонда 4 ўсмир маст эркакнинг 9 минг долларини тортиб олди - Darakchi.uz