Туркияда халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси ушланиб, тергов ва процессуал ҳаракатларни давом эттириш учун Ўзбекистонга топширилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, С.А. ажратилган кредит маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганликда гумонланмоқда. Оқибатда давлат бюджетига жами 5 млрд сўм миқдорида зарар етказилган.
У Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми, яъни жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш билан боғлиқ жиноятни содир этганликда гумонланиб, халқаро қидирувга берилган.
Икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг ҳамкорлиги натижасида қидирувдаги шахс Туркияда қўлга олинган.
С.А. тегишли тергов ва процессуал ҳаракатларни давом эттириш учун Ўзбекистоннинг ваколатли органларига топширилган.






