Исроил мудофаа кучлари ХАМАСнинг Иқтисодиёт вазири Жавад Абу Шамални ўлдирганини эълон қилди. Бу ҳақда Исроил ҳарбийларининг Х (собиқ Тwиттер) ижтимоий тармоғидаги хабарида айтилади.
Унга кўра, у ХАМАСнинг молиясини бошқарган ва Ғазо сектори ичида ва ташқарисида терроризмни молиялаштириш учун пул ажратган.
Айтилишича, Абу Шамал аввалроқ ХАМАС хавфсизлик хизматида турли лавозимларда ишлаган ва Исроил фуқароларига зарар етказишга қаратилган қатор операцияларни бошқарган.
Исроил армиясининг Ғазо секторига берган зарбалари натижасида ХАМАСнинг яна бир юқори мартабали аъзоси Закария Абу Маамар ҳам ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда Sky News Исроил мудофаа кучларига таяниб. Хамаснинг икки юқори мартабали аъзоси ўлдирилгани ҳақидаги хабарлардан улар ўлдирилган пайтда бир жойда бўлганми ва худди шу ҳужумда ҳалок бўлганми, аниқ эмас.
Эслатиб ўтамиз, Хамас жангарилари 7 октябр куни эрталаб Исроилга ҳужум қилди. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторига йирик ҳужумларни бошлади. Исроил расмийлари мамлакат уруш ҳолатида эканлигини расман эълон қилди.
Соат 16:30 ҳолатига кўра, Исроил ҳукумати ХАМАС жангариларининг ҳужуми натижасида 1000 киши ҳалок бўлган ва 3400 киши яраланган. Фаластин томони Исроилнинг Ғазо секторига берган зарбалари натижасида 700 киши ҳалок бўлганини, яна тўрт мингга яқин киши жароҳатланганини маълум қилди.






