Ғазодаги Фаластин касалхонаси шифокори Фадия Малхиснинг хабар беришича, янги туғилган чақалоқлар учун зарур дори-дармонлар тугаб бормоқда.
“8 соатдан кейин электр қуввати тугайди ва бу болалар ҳалок бўлади. Ҳатто тоза сув ҳам йўқ, сиздан илтимос, бу болаларни қутқаринг. Тоза сув, иситиш, озиқ-овқат йўқ. Агар шошилинч ёрдам кўрсатилмаса, болалар нобуд бўлади, - дейди шифокор.
Малхис ўзи ишлаётган шифохонанинг неонатал бўлимидаги вазият ҳақида гапириб берди.
Мавжуд экстремал вазият туфайли эрта туғилишлар тез-тез содир бўлишини таъкидлаган.
“Янги туғилган чақалоқлар инкубаторларда. Ёқилғи кам, бу бўлим қуёш энергияси билан ишлайди, лекин қуёш ҳар доим ҳам мавжуд эмас. Агар яқин бир неча соат ичида ёқилғи келмаса, бу болалар нобуд бўлади. Инкубаторлар ишлаши учун электр энергияси талаб қилинади. Агар чақалоқлар учун иссиқ таъминланмаса, улар совуқдан ўлишади."
Малхис янги туғилган чақалоқлар учун зарур бўлган дори-дармонлар тугаб қолганини айтди. Унинг қўшимча қилишича, реанимация бўлимидаги болалар айниқса хавф остида.





