Исроил ва Фаластин муаммоси бошланганига 70 йилдан ошди...
Бу можаро ҳали-вери битадиганга ўхшамайди.
Ўтган бирор йил қонли тўқнашувларсиз кечмаган.
Бегуноҳ қурбонларни динидан, миллатидан бошқа фарқи йўқ. Бегуноҳ қурбон...
Аммо рақамлар орасида фарқ катта. Анча катта!
Сир эмас, шу йилнинг 7 Октябрь куни ҲАМАС қўшинлари Исроил ҳудудида бошлаган ҳарбий тўқнашувлар ва Исроилнинг жавоб ҳаракатлари ҳудуддаги вазиятни янада оғирлаштирди. Аввалига ҲАМАС аъзоларини босқинчиликда, хунрезликда, ваҳшийликда айблашди. Кейин Исроил ҳар доимгидек уларга бир неча бор ошириб жавоб қайтарди (ва қайтармоқда).
7 октябрдан бери Исроил томонидан берилган қурбонлар сони 1300 кишидан ошган. Фаластинликлар орасидан берилган қурбонлар эса 7000 кишига яқинлашди. Орада фарқ беш баравардан кўп.
Бу янгилик эмас. Ҳар гал ХАМАС ёки бирор жангари гуруҳ хунрезликни бошлаб беради. Исроилнинг жавоби эса, узоқ куттирмайди. Фақат битта жон ўрнига 5-10 қурбон... Худди оддий шашка ўйинида битта тошни ютқизиб бериб, рақибнинг беш-олтита тошини ютиб олишга ўхшайди.
Шашкада ўйин то бир томоннинг тошлари тугагунга қадар давом этади. Исроил-Фаластин можароси негадир менга худди шу ўйинни эсга солаверади. Аммо кучлар тенг эмас. Бир тараф тирик қолиш учун курашади, иккинчи томон эса батамом маҳв этиш, бирорта ҳам рақибни қолдирмаслик, майдонни тўла-тўкис эгаллаша учун ҳаракат қилади...
Статистик маълумотлардан кўра, 1991 йил сентябрдан 2016 йил апрелга қадар бу можарода 1217 нафар исроиллик ҳалок бўлган, шундан 133 нафар болалар. Фаластинда эса, бу рақам камида 9271 нафарни ташкил қилади. Улар орасида болалар икки мингдан ортади. Орадаги тафовут 7-8 баравар кўпроқ. Можаро бошланган 1947 йидан то шу кунга қадар эса, жами қурбонлар сони тахминан 100 мингдан ошади ва уларнинг 85 фоизи фаластинликлар...
Маълумки, Фаластин Исроил ҳудудида жойлашган, бир биридан ажратилган икки бўлакдан иборат давлат. Уни БМТга аъзо 193 та давлатдан 138 таси тан олган (жумладан Ўзбекистон ҳам). Фаластиннинг асосий ҳудуди – Иордан дарёсининг ғарбий соҳиллари Фаластин Миллий маъмурияти ва Исроил ҳукумат томонидан назорат қилинади. Кичик бўлаги – Ғазо секторида эса бошқарув ҲАМАС ихтиёрида.
Табиийки, Исроил ўз ҳудудидаги бундай тузилмани тан олмайди ва ундаги ҳар қандай қаршилик, ўзбошимчалик, озодликка уринишларни истамайди. Ахар, “саркаш ғайридинлар”, қўлига қурол олиб ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қиладиган исёнчиларнинг кимга кераги бор? Улардан қутулиш, лоақал сонини камайтириш учун Исроил ҳамма нарсага тайёр.
Фаластин аҳолиси Исроилдаги яҳудийлардан икки баравар кам. Ҳарбий ва иқтисодий имкониятларини солиштиришнинг ўзи кулгили. Агар Яратганнинг ўзи мадад бермаса, мўъжиза юз бермаса, табиий йўл билан ғалаба қозониш деярли имконсиз.
Фақат бир нарса ўйлатиради: Нега кимдир қаҳрамон, кимдир террорчи деб атаётган ҲАМАС етакчилари қанчалик ҳаракат қилишмасин, душманнинг жавоб зарбаси бир неча баравар кучли ва ўзлари учун фожиали бўлшини ўйлаб кўрмаяпти? Улар бу ҳаракатлари билан ўз диндошларини кўпроқ қириш учун рақибларига имкон ва асос яратиб беришмаяптими? Уларнинг ҳатти-ҳаракати фаластинликлар саодати учун эмас, ҳалокати учун хизмат қилмаяптими? Билиб-билмай Исроил ҳукуматининг ноғорасига ўйнашмаяптими? Ёки... янаям Аллоҳ билади.
Маълумот учун: “ҲАМАС” (1987 йилда бевосита Исроилнинг розилиги билан, Фаластин Озодлик ташкилотига мухолиф сифатида яратилган. Айрим маълумотларга кўра, бу ташкилот Исроил томонидан узоқ йиллар давомида молиялаштириб келинган. Қолаверса, ташкилот асосчиларидан бирининг ўғли Мусъаб Ҳасан Юсуф бугун Америкада яшайди ва Исроил разведкаси ходими бўлганини ва бу мамлакатни қўллаб-қувватлашини яширмайди.
Моҳиятан, бу ташкилот ҳозир ҳам фақат Исроил фойдаси учун хизмат қилаётганга ўхшайди. Қолаверса, ҲАМАС сингари гуруҳлар бор экан, Фаластин аҳли устидан офат ёғдириш, уларни ўлдириш, алалоқибат бу давлатни йўқотиш учун баҳоналар топилаверади. Бу ҳар қалай шахсий фикрим!

Нима бўлганда ҳам, ҳар икки мамлакат, миллат ва дин вакиллари орасида ана шу “катта ўйин”нинг кичик қурбонларига айланаётган бегуноҳ инсонларга ачинаман, қўлимдан бошқа нима ҳам келарди?..
Рустам Жабборов





