Буюк Британия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Россия Украинадаги жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун аёлларни фаол равишда жалб қила бошлаган.
Разведка маълумотларида давлат назорати остидаги хусусий ҳарбий компания "Редут" аёлларни кўнгиллилар баталонига снайперлар отряди ва дрон операторлари сифатида ёллаётгани қайд этилган.
Хусусан, мамлакат савдо корхоналари хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланадиган "Редут" 2022 йилда тўлиқ миқёсли босқиннинг бошида Украинага жойлаштирилган.
Маълумотларга кўра, унинг ёлланма аскарлари - асосан Россиянинг собиқ махсус кучлари ва "Вагнер ПМC" аскарлари - урушнинг биринчи кунларида Украина президенти Владимир Зеленскийга суиқасд қилиш операциясида қатнашган.
Буюк Британия Мудофаа вазирлиги Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу баёнотига таяниб, ҳозирда Украинадаги жанговар ҳаракатларда 1100 нафар аёл иштирок этаётганини маълум қилди. Бу Россия қуролли кучлари сонининг 0,3 фоизини ташкил қилади. Шу билан бирга, аёллар ҳарбий хизматчиларнинг аксарияти тиббий ва озиқ-овқат таъминоти билан шуғулланади.
Россия армияси, кўплаб манбаларга кўра, Украинадаги 20 ойлик можаро давомида катта йўқотишларга учраган ва ўз сафларини тўлдириш йўлларини қидираётган бўлиши мумкин.
Украина қуролли кучларига келсак, аёллар ҳали ҳам жанговар позицияларнинг жуда кичик қисмини эгаллайди. Аммо Иккинчи жаҳон уруши йилларида Совет армиясида мавжуд бўлган, юз минглаб миномётчи аёллар, пулемётчилар, снайперлар, радио операторлари ва бошқалар фронтда жанг қилган анъанани унутмаслигимиз керак, деб таъкидлайди Британия Мудофаа вазирлиги.






