АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси республикачиларнинг Исроилга 14,3 миллиард долларлик ёрдам кўрсатиш режасини қабул қилди. Қуйи палатанинг 226 аъзоси қонун лойиҳасини ёқлаб, 196 нафари қарши овоз берди, деб хабар бермоқда Reuters. Қонун лойиҳасида Украинага ёрдам кўрсатилмаган.
Вакиллар палатаси томонидан тасдиқланган ёрдам режаси Исроил армиясини қўллаб-қувватлашни ўз ичига олади, жумладан, Исроилнинг Iron Dome вa David’s Sling ҳаво мудофаа тизимларини сотиб олиш учун 4 миллиард доллар ва Iron Beam тизимини ривожлантириш учун 1,2 миллиард доллар.
АҚШ президенти Жо Байден аввалроқ қонунда Украина бўйича харажатлар банди бўлмаса, вето қўйишини айтган эди. Сенатдаги Демократик партия етакчиси Чак Шумер қонун лойиҳасини овозга келтирмаслигини айтди, деб хабар беради агентлик.
Аввалроқ Жо Байден Конгрессдан Украина, Исроил, Тайванга ёрдамни молиялаштириш учун 106 миллиард доллар ажратишни, шунингдек, Мексика билан чегарада ҳимоя девори қурилиши учун пул ажратишни сўраган эди. Ушбу маблағларнинг катта қисми - 61,4 миллиард доллар - Украинани қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши керак.






