Владимир Путин Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг афзалликлари ҳақида гапирди.
Россия президенти фикрича, Марказий Осиё минтақасида кучларни бирлаштириш тенденцияси кучаймоқда. Россия давлати раҳбари хавфсизлик, транспорт ва энергетика масалаларини Москванинг минтақа давлатлари билан ҳамкорлигининг устувор йўналишлари деб атади.
“Марказий Осиё минтақасида бирлашиш тенденциялари кучайиб бормоқда. Буни жорий йилнинг 14 сентябрь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги маслаҳат учрашуви якунлари ҳам тасдиқлади. Шу фонда “Марказий Осиё плус Россия” формати янада оммалашмоқда. Кўриниб турибдики, транспорт-логистика, энергетика ва гуманитар соҳалардаги ўзаро ҳамкорлигимиз икки томонлама ҳамкорлик доирасидан ошиб кетди ва барча манфаатдор томонларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида янада кўпроқ фойда келтириши ва бойитиши мумкин”, — деди Путин.
У олий даражадаги мулоқотдан ташқари, хавфсизлик кенгашлари ва бошқа тузилмалар орқали ҳам алоқалар ўрнатилганига ишора қилди. Мисол тариқасида Россия президенти ташқи ишлар вазирлари даражасидаги олти томонлама алоқалар механизмини келтирди, унинг баҳолашига кўра, 2019 йилдан буён муваффақиятли ривожланиб бормоқда. “Ушбу форматдаги музокараларнинг навбатдаги раунди жорий йилнинг 14 апрель куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди. Саноат компетенциялари бўйича “Марказий Осиё плус Россия” эксперт гуруҳлари фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда”, — дея аниқлик киритди Россия Федерацияси раҳбари.






