Тошкент шаҳрида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтаётган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг ўн олтинчи саммити давом этмоқда. Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) бош котиби Хусрав Нозирий саммит хусусида фикрларини билдирди.
–Саммит доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашиш шарафига муяссар бўлдим. Ушбу саммит Ўзбекистонда илк бор ўтказилиши тарихий аҳамиятга эга. Учрашувда минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича самарали фикр алмашилди.
Ташкилотнинг устувор йўналишлари савдо-иқтисодий, транспорт, коммуникация, энергетика, фойдали қазилмалар, экология, туризм, барқарор ривожланиш, инсон ресурслари, парламент ва ҳуқуқий ҳамкорлик, шунингдек, Афғонистон бўйича махсус ҳамкорлик ҳисобланади. Мамлакатнинг ташкилот фаолиятидаги ўрни тобора ортиб бораётгани учун Ўзбекистон Президентидан миннатдорман. Сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон кўплаб ташаббуслар билан чиқди, улар ташкилот доирасида кенг қўллаб-қувватланди. Таклифларнинг бир қисми аллақачон амалга оширилмоқда. Жумладан, ташкилот доирасида экологик ҳамкорлик бўйича юқори даражадаги мулоқот платформасини ташкил этиш ва ушбу платформанинг биринчи йиғилишини ўтказиш муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, Ўзбекистон ташкилот фаолиятида илк бор ўз раислигининг ҳар бир йили учун мавзулар белгилаш масаласини илгари сурди. 2022 йилда Ўзбекистон ҳам мамлакатнинг ташкилотга аъзолиги тарихида биринчи марта минтақада муносабатларни мустаҳкамлаш мавзусини таклиф қилди. Ўзбекистон раҳбарининг аввалги саммитдаги ташаббуси ташкилотнинг бошқа иштирокчилари учун анъанага айланган.
Биз транспорт ва коммуникация масалаларига катта эътибор қаратдик, чунки бу фаолиятимизнинг муҳим йўналиши. Бу борада турли транспорт-транзит лойиҳалари, жумладан, минтақамизнинг Шарқи ва Ғарбини, Шимоли ва Жанубини боғловчи йўлакларни амалга оширмоқдамиз. Бу масалалар муҳокама қилинди ва Ўзбекистон ўзининг географик жойлашуви туфайли транспорт-коммуникация соҳасидаги ушбу лойиҳаларнинг барчасини амалга оширишда жуда муҳим роль ўйнайди.
Ҳамкорлигимизнинг яна бир устувор йўналиши туризмдир. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентини Шаҳрисабз шаҳри 2024 йилда ИҲТ туризм пойтахти этиб танлангани билан табриклайман. Биз шу йил доирасида Шаҳрисабз шаҳрида тегишли туризм тадбирлари ўтказилишини мақсад қилганмиз. Ушбу тадбирлар нафақат Шаҳрисабз шаҳрида, балки Ташкилотнинг барча минтақасида туризмни ривожлантиришга хизмат қилади.
Мозори Шариф-Кобул-Пешовар темир йўли лойиҳаси ташкилотга аъзо давлатлар ҳудудидан ўтувчи йўлакдир. Бу масалалар транспорт ва коммуникациялар соҳасидаги ташкилотнинг муҳокамаси кун тартибига киритилган ва биз бу лойиҳаларни амалга ошириш учун албатта ҳаракат қиламиз.
Ушбу лойиҳа, хусусан, Ўзбекистондан Мозори Шарифгача бўлган темир йўл лойиҳаси нафақат коммуникация ва савдо-транспорт алоқаларини ривожлантиришга, балки аъзо давлат бўлса-да, ҳозирда мавжуд шароитларга кўра ташкилотимиз ишларида тўлиқ иштирок эта ололмаётган қўшни Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатишга хизмат қилади.






