Бугун, 24 сентябрь куни Тошкент шаҳри Бектемир туманидаги “Чинобод-2” нефть базасида ёнғин содир бўлди. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ.
Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълум қилишича, ёнғин соат 19:38 да Оҳангарон шоҳ кўчасида жойлашган нефть базасида аниқланган. Ҳодиса ҳақида мазкур база ёнида жойлашган қутқарув қисми хабар топган.
Қутқарувчиларнинг тезкор чоралари натижасида ёнғин соат 19:56 да бартараф этилган.
Қўшимча маълумотга кўра, ҳажми 1000 куб метр бўлган бир дона резервуарнинг ташқи қопламаси 12–15 погон метр узунликда ёнган.






