АҚШ Давлат котиби Марко Рубио октябрь ойи ўрталарда Ўзбекистонга ташриф буюради. У Самарқандда ўтказиладиган тадбирларда 100 дан ортиқ Америка компаниялари вакилларидан иборат бизнес делегациясига бошчилик қилади.
Бу ҳақда АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ташриф АҚШ–Марказий Осиё стратегик шериклигини ривожлантириш, икки томонлама дипломатик ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Ташриф доирасида Марко Рубио Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари иштирокидаги “C5+1” вазирлар учрашувида қатнашади.
Учрашувда Марказий Осиё давлатлари ўртасида иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва умумий минтақавий масалаларни ҳамкорликда ҳал этиш йўллари муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Шунингдек, Рубионинг Ўзбекистон раҳбарияти ва минтақадаги ҳамкасблари билан учрашиб, Марказий Осиёда савдони кенгайтириш, хусусий сектор инвестицияларини рағбатлантириш ҳамда иқтисодиётни модернизация қилиш масалаларини муҳокама қилиши кутилмоқда.






