АсосийЖАМИЯТ

Жиззахда икки Damas’да 56 нафар боғча боласи ташилгани аниқланди

Маълум қилинишича, икки нафар ҳайдовчи бошқарувидаги Damas автомашиналарининг ҳар бирида 28 нафардан, жами 56 нафар боғча тарбияланувчиси олиб кетилган.

'Жиззахда икки Damas’да 56 нафар боғча боласи ташилгани аниқланди'ning rasmi

Жиззахда икки нафар ҳайдовчи Damas автомашиналарида жами 56 нафар боғча боласини ташиган. Ҳар бир автомобиль салонида 28 нафардан бола бўлган. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, икки нафар ҳайдовчи бошқарувидаги Damas автомашиналарининг ҳар бирида 28 нафардан, жами 56 нафар боғча тарбияланувчиси олиб кетилган.

“Ҳайдовчи, таълим муассасаси масъуллари ва ота-оналарга болаларни бу каби олиб юриш ҳеч қайси хавфсизлик қоидаларига жавоб бермаслиги, йўл ўйин майдони эмаслиги ва унда ҳар доим тасодифларга бой вазиятлар юзага келиши тушунтирилса-да, афсуски, бу ҳолатга панжа ортидан қараб, болаларнинг ҳаёти билан ўйнаётганлар ҳануз учрамоқда”, дейилади Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати видеомурожаатида.

Қайд этилишича, Бош прокуратура болаларни ташиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришни таклиф қилмоқда. Бу бўйича тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳасига кўра, қоидаларни бузган ҳайдовчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача, яъни 20,6 миллион сўмгача жарима солиш, уч йилгача муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, айрим ҳолларда эса 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосини қўллаш таклиф этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил бошидан буён Damas автомашиналарида меъёрдан ортиқ боғча болаларини ташиш билан боғлиқ ҳолатлар бир неча бор аниқланган.

Жумладан, февраль ойида Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида 23 нафар болани Damas’да ташиган ҳайдовчига нисбатан чора кўрилган.

Май ойида Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари Damas салонига 24 ва 28 нафардан болани миндириб ҳаракатланган икки нафар ҳайдовчини аниқлаган.

Июль ойида Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида 28 нафар, август ойида Тошкент шаҳрида 25 нафар болани Damas автомашинасида ноқонуний ташиган ҳайдовчиларга ҳам чора кўрилган.

Сентябрь ойи бошида эса Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида 16 нафар боғча боласини Damas’да олиб кетаётган ҳайдовчи аниқланган.

    Бошқа янгиликлар

    Жиззахда икки Damas’да 56 нафар боғча боласи ташилгани аниқланди - Darakchi.uz