Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Марказий Осиёда яқинлашиб келаётган сув танқислиги ҳақида гапирди. Бу ҳақда Тоқаев Россия президенти Владимир Путин иштирокида Қозоғистон ва Россия ўртасидаги XIX минтақалараро ҳамкорлик форумида сўзлаган нутқида маълум қилди.
– Иқтисодиётимизнинг муҳим тармоқлари, айниқса, қишлоқ хўжалигида сувнинг юқори интенсивлиги вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Мутахассисларнинг прогнозларига кўра, 2050 йилга бориб Марказий Осиёдаги қурғоқчилик ва сув тошқинлари ҳосилдорликнинг 30 фоизга камайишига олиб келади. Қишлоқ хўжалигимиз сувнинг 60 фоиздан ортиғини истеъмол қилади ва сувни тежовчи технологияларни кенг жорий этишни талаб қилади. Бу мутлақо долзарб вазифа”, — деди Тоқаев.
Қозоғистон Президенти таъкидлашича, ушбу чақириқларга жавобан мамлакат сув хўжалигини модернизация қилишга киришди. 20 та янги қуриш ва камида 15 та мавжуд сув омборини реконструкция қилиш, 3,5 минг км дан ортиқ каналларни модернизация ва рақамлаштириш режалаштирилган. Унинг сўзларига кўра, бу 2027 йилгача қўшимча икки куб километр сув билан таъминлаш имконини беради.
Қозоғистон давлати раҳбари мамлакатда янги Сув кодекси ишлаб чиқилаётганини эслатди. Шунингдек, Россия билан биргаликда йирик дарёлар - Иртиш ва Урал ҳавзаларида тадқиқот олиб бориш бўйича ягона йўл харитаси амалга оширилмоқда.
“Бундай мураккаб муаммони бир давлатнинг саъй-ҳаракатлари билан ҳал қилиб бўлмаслигини қайд этмоқчиман. Бу масалага манфаатларнинг оқилона мувозанатини ҳисобга олган ҳолда биргаликда ёндашиш керак. Фурсатдан фойдаланиб, Россия Федерацияси билан стратегик ҳамкорлигимиз сув ресурсларидан икки мамлакат халқлари манфаатлари йўлида биргаликда оқилона фойдаланишга мутаносиб ёндашувни кафолатлашига умид билдирмоқчиман”, — деди Тоқаев.
Мисли кўрилмаган глобал муаммолар олдида Қозоғистон ва Россия учун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ, деди давлат раҳбари.






