12 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Янгихаёт туман суди пиёдани уриб юборган ҳайдовчига нисбатан ҳукм чиқарди.
Иш материалларига кўра, судланувчи Ш. П. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Мактабгача таълим агентлигининг Молия, иқтисодиёт ва давлат-хусусий шериклик бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган. У 18 июль куни ҳибсга олинган.
Бахтсиз ҳодиса 4 июнь куни тахминан соат 20:30 да содир бўлган. Ҳайдовчи маст ҳолатда Nexia русумли автомашинасини Янгиҳаёт тумани Давлатобод кўчаси бўйлаб 50−60 км/соат тезликда ҳайдаб кетаётиб, йўлни кесиб ўтаётган пиёда Л.O.ни уриб юборган. Аёл шифохонага етказилган, бироқ жонлантириш бўлимида вафот этган.
Судда судланувчи 50−60 км/соат тезликда ҳаракатланиб кетаётиб, «дарахтлар ортидан чиқиб қолган» аёлни уриб юборган. Айбланувчининг айтишича, воқеа содир бўлганидан сўнг ундан 3−4 метр ўтиб тўхтаган. Аёлнинг нафас олаётганини кўриб, тез ёрдам чақиради ва жабрланувчини касалхонага юборади, ўзи эса воқеа жойида қолади.
Айбланувчи шунингдек, ЙТҲ содир бўлган жойда пиёдалар ўтиш жойи йўқлигини, у ҳодиса жойидан 100 метрча пастда бўлганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, пиёдани кўриш ва авариянинг олдини олиш имкониятига эга бўлмаган. Шу билан бирга, ўша куни тушлик пайтида спиртли ичимлик истеъмол қилгани, аммо маст бўлмаганини таъкидлаган. Айбланувчининг сўзларига кўра, воқеа содир бўлганидан кейин ЙҲХХ ходимлари унга алкоголли мастлик тестини ўтказишни таклиф қилмаган, бироқ ўзи спиртли ичимлик истеъмол қилганини тан олган.
Шунингдек, унинг қариндошлари етказилган зарарни қоплаш учун суд департаментининг депозит ҳисоб рақамига 100 млн сўм ўтказиб, жабрланувчига ёрдам кўрсатганини айтди.
Эркак ўз айбига қисман иқрор бўлди, бироқ авариявий ҳолатда пиёданинг ўзи ҳам айбдор эканлигини кўрсатди. У суддан вояга етмаган фарзандлари борлигини, шунингдек, ойига 10 млн сўм тўланадиган ипотека кредити борлигини инобатга олиб, жазони енгиллаштиришни сўради.
Суд мажлисида марҳуманинг қизи сўзга чиқиб, онасидан бошқа яқин қариндоши йўқлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, агар судланувчи ҳақиқатан ҳам 50−60 км/соат тезликда ҳаракатланса, онаси бунчалик оғир тан жароҳати олмаган ва вафот этмаган бўларди. У 100 млн сўмни олишдан бош тортди ва судланувчини қонун доирасида жазолашни сўради.
Суд залида ИИББ ЙҲХХ инспектори ҳайдовчи спиртли ичимлик истеъмол қилганини инкор этса-да, оғзидан алкоголь ҳиди келиб турганини айтди.
Судья Завқиддин Ярашев судланувчини Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми «а» банди (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан айбдор деб топди ва унга нисбатан 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан 4 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.