АсосийЖАМИЯТ

Madad Invest Bank’нинг собиқ раҳбари Интерпол қидирувига тушди

У ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишда айбланмоқда.

'Madad Invest Bank’нинг собиқ раҳбари Интерпол қидирувига тушди'ning rasmi

Фарғоналик тадбиркор, Madad Invest Bank’нинг собиқ йирик акциядори ва кузатув кенгаши раиси Мўминжон Йўлдошев Ўзбекистон сўровига асосан Интерпол орқали халқаро қидирувга берилди. Бу ҳақда Интерполнинг расмий сайтида маълумот пайдо бўлган.

Қайд этилишича, Йўлдошев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми — ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш билан боғлиқ жиноятда айбланмоқда.

Интерпол маълумотларига кўра, Мўминжон Йўлдошев 1976 йил 18 февралда Фарғона вилоятида туғилган. Қидирув маълумотларида унинг бўйи 1,75 метр, вазни 95 килограмм ва кўзлари кўк экани ҳам кўрсатилган.

Тадбиркор қурилиш ва тўқимачилик соҳаларидаги бир қатор бизнесларга эгалик қилган. У Madad Invest Bank’нинг йирик акциядорларидан бири бўлиш билан бирга, банк кузатув кенгашига ҳам раҳбарлик қилган.

Интерполнинг қизил билдиришномаси шахсни халқаро миқёсда аниқлаш ва эҳтимолий ушлаш мақсадида ташкилотга аъзо давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига юбориладиган сўров ҳисобланади. Бундай билдиришнома халқаро ҳибс ордери ҳисобланмайди, якуний ҳуқуқий қарор эса тегишли давлат органлари томонидан қабул қилинади.

    Бошқа янгиликлар

    Madad Invest Bank’нинг собиқ раҳбари Интерпол қидирувига тушди - Darakchi.uz