Интерпол каналлари орқали халқаро қидирувда бўлган шахс Грузиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу фуқаро Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисмида назарда тутилган фирибгарлик жиноятини содир этганликда гумонланиб, халқаро қидирувга берилган.
Тезкор-қидирув тадбирлари давомида унинг Грузия ҳудудида экани аниқланган. Ўзбекистон ва Грузия Интерпол Миллий марказий бюролари ўртасидаги ҳамкорлик натижасида қидирувдаги шахс Грузиянинг ваколатли органлари томонидан қўлга олинган.
Ўзбекистон Бош прокуратурасининг экстрадиция тўғрисидаги илтимосномаси қаноатлантирилган. Зарур тартиб-таомиллар якунланганидан сўнг шахс Ўзбекистонга олиб келинган.
Ҳозирда унга нисбатан қонунчиликка мувофиқ кейинги процессуал ҳаракатлар амалга оширилмоқда.






