Наманган шаҳрида қалбаки 20 минг, 50 минг, 100 минг ва 200 минг сўмлик банкнотларни тайёрлаш ҳамда сотиш билан шуғулланган шахслар ушланди.
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизматининг Жиззах ва Наманган вилоятлари бўйича бошқармалари ҳамда Божхона органлари ҳамкорлигида Наманган шаҳрида тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида Поп туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган ва Избоскан туманида истиқомат қилувчи, 1999 йилда туғилган икки нафар шахс жами 37,4 млн сўмлик қалбаки пулларни шартли харидорга 7,5 млн сўмга сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, уларни шахсий тинтув қилиш жараёнида ҳамда бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомашина салонидан яна 6,4 млн сўмлик қалбаки пуллар аниқланган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, Избоскан туманида яшовчи шахснинг хонадони кўздан кечирилганда, у ердан 7,7 млн сўмлик қалбаки пул, турли номиналдаги купюралар тасвири туширилган 145 дона оқ қоғоз, компьютер, рангли принтер ва бошқа ашёлар процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов доирасида уларнинг бошқа жиноий алоқаларини аниқлаш бўйича чоралар кўрилмоқда.






