Фарғона ва Наманган вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирларда жами 2,6 килограммга яқин “гашиш” гиёҳвандлик моддаси мусодара қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари вилоят Ички ишлар ва Божхона бошқармалари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган. Унда “Фарғона – Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган “Кобальт” русумли автомобиль Поп туманидаги “Наманган” ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилган.
Текширув давомида автомобиль юкхонасига яшириб қўйилган 1 килограмм “гашиш” моддаси аниқланган. Машинани Чирчиқ шаҳрида яшовчи, 1995 йилда туғилган фуқаро бошқариб келган.
Шунингдек, ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси, Ички ишлар ва Божхона органлари ҳамкорлигида Чуст туманида ўтказилган тадбирда “ВАЗ-2103” русумли автомобиль тўхтатилиб, текширилган.
Унинг салонида Янги Наманган туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган, муқаддам судланган шахсга тегишли 995 грамм “гашиш” моддаси борлиги аниқланган.
Бундан ташқари, Наманган шаҳрида яшовчи, 1975 йилда туғилган фуқаронинг хонадони холиcлар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг ертўласидан 648 грамм “гашиш” моддаси топилган.
Тергов жараёнида мазкур шахс гиёҳвандлик воситасини Янги Наманган туманида яшовчи, 1972 йилда туғилган танишидан 5 минг АҚШ долларига сотиб олгани аниқланган. У ҳам процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда барча гумонланувчиларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






