2023 йил 1 майдан 2025 йил 1 январга қадар иш берувчиларга улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилади. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси хабарида қайд этилган.
Бунда:
- ижтимоий солиқ суммаси қоплаб берилиши сўралаётган ёш ходим ҳисобот ойида 25 ёшдан ошмаган бўлиши;
- 25 ёшгача бўлган ёш ходим узлуксиз 6 ой давомида меҳнат фаолиятини амалга оширган бўлиши;
- иш берувчи томонидан белгиланган тартибда ижтимоий солиқ узлуксиз тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлиши лозим.
Юқоридаги талабларга жавоб бермайдиган иш берувчининг аризаси рад этилади.
25 ёшгача бўлган ходимлар учун ижтимоий солиқ суммасини қайтаришга ариза бериш учун:
1. My3.soliq.uz сайтидаги шахсий кабинетга электрон рақамли имзо (ЭРИ) ёрдамида кирилади. «Хизматлар» - “Солиқ мажбуриятлари” - “Ижтимоий солиқ суммасини қайтариш” бўлимлари кетма-кетликда танланади.
2️. Очилган ойнада иш берувчи ҳақидаги маълумотлар автоматик шаклланади.
3️. Ижтимоий солиқ суммасини қайтариш сўралаётган давр кўрсатилади.
2024 йил декабрь ойи учун тўланган ижтимоий солиқ суммасини қоплаб бериш учун иш берувчи томонидан ариза беришнинг охирги муддати – 2025 йил 1 апрель.
4️. Тегишли саналар киритилгач, корхонанинг 6 ой давомида узлуксиз ишлаган 25 ёшгача бўлган ходимлари рўйхати ва ижтимоий солиқ суммаси автоматик тарзда шаклланади.
5️. Маълумотларнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги, хусусан, ижтимоий солиқ ставкаси, миқдори ва юридик шахснинг банк реквизитлари - пул маблағлари қайтариладиган ҳисоб рақами текширилади.
6️. “Ариза шакллантириш” тугмаси босилади. Сўнгра ариза ва унинг иловаси шаклланади. Иловани сақлаш ва чоп этиш мумкин.
7️. Киритилган маълумотларнинг тўғрилигига яна бир бор ишонч ҳосил қилингач, “Аризани юбориш” тугмаси босилади.
“Юборилган аризалар” бўлимида ариза ҳолати, ижрочиси ва кўриб чиқиш муддатлари ҳақида тўлиқ маълумотлар акс эттирилади.
Ариза 5 иш кунида ўрганиб чиқилади.
Тақдим этилган ариза барча талабларга жавоб берса, 1 иш куни ичида шакллантириладиган солиқ органларининг тегишли хулосаси билан бирга Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначиликка юборилади.
25 ёшгача бўлган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммасини қайтариш тартиби буджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.