Исроил Ғазо секторида террорчилар пайдо бўлишига йўл қўймаслик учун "жуда қудратли кучларни" сақлаб қолиш ниятида, деди Исроил президенти Ицхак Герцог. Унинг сўзларига кўра, ҲАМАС билан урушдан кейин Ғазо секторини қандай бошқариш бўйича кўплаб ғоялар муҳокама қилинмоқда. Президентнинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар ва Исроилнинг минтақадаги қўшнилари “можародан кейинги тартиб”ни яратишда иштирок этишлари керак.
“Агар биз орқага чекинсак, ким назорат қилади? Биз у ерни тарк эта олмаймиз. Биз механизм (анклавни бошқариш) қандай бўлиши ҳақида ўйлашимиз керак”, — деди Герцог.
Исроил президентининг таъкидлашича, унинг мамлакати ҳали ҳам ХАМАСдан гаровга олинганлар ҳақида ҳеч қандай маълумот олмаган, шунинг учун армия "уларни озод қилиш учун курашишга мажбур". У шунингдек, Исроил кучлари Ғазодаги шифохоналар яқинидаги операцияларда “жуда эҳтиёткорлик билан” ҳаракат қилаётганини айтди.
Ицхак Герцог уруш пайтида фаластинликларнинг ўлимидан хавотирда эканини айтди. “У менинг юрагимни бузади. Лекин мен доимо халқимизни ҳимоя қилиш учун биринчи навбатда хавфсизликни таъминлашим керак”, — дея қўшимча қилди у.
Эслатиб ўтамиз, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш 7 октябрдан бери давом этмоқда. Ҳарбий ҳаракатлар натижасида 1,2 минг исроиллик ҳалок бўлди, 5,4 минг киши яраланди, 200 дан ортиқ киши гаровга олинди. Ғазода 11,1 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди, 27,5 минг киши яраланди.