1

Европа Иттифоқи “GSP+” тизими бўйича имтиёзларнинг амал қилиш муддатини 4 йилга узайтирди

СИЁСАТ 27.11.2023, 08:54
Европа Иттифоқи “GSP+” тизими бўйича имтиёзларнинг амал қилиш муддатини 4 йилга узайтирди

22 ноябрь куни Европа Иттифоқи Преференциялар бош тизими плюс(«GSP+»)нинг бошқа бенефициар мамлакатлар қаторида Ўзбекистон учун амалдаги муддатини кейинги тўрт йилга (2027 йил 31 декабрь) узайтиришга қарор қилди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Бу ҳақида 2023 йилнинг 23 ноябрь куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва Европа Иттифоқининг Делегацияси томонидан биргаликда «Ўзбекистон учун Европа Иттифоқининг Преференциялар бош тизими плюс («GSP+») имкониятларини кенгайтириш» мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида эълон қилинди.

Матбуот анжумани очилишида Европа Иттифоқининг Делегацияси раҳбари, элчи Шарлотта Адриан қуйидагиларни таъкидлади:

- «GSP+» Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик тарихининг ҳақиқий муваффақият зарварағига айланиб бораётганини кўришдан мамнунман. Бу мамлакатингиздаги хусусий секторга катта туртки бўлиб, 448 миллион истеъмолчига эга Европа бозорларига киришни осонлаштиради, Европа ва Ўзбекистон компаниялари ўртасида мустаҳкам ҳамкорликни рағбатлантиради ва чегараларда сезиларли тежашларга олиб келади.

Сиёсий нуқтаи назардан, «GSP+» БМТнинг 27 та конвенциясини амалга ошириш орқали инсон ва меҳнат ҳуқуқлари, самарали бошқарув ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида халқаро стандартларга эришиш бўйича Ўзбекистоннинг стратегиясига тўлиқ мос келади.

«GSP+» муддатини узайтириш хусусий сектор учун ишларни янада самарали режалаштириш имконини беради ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнини қўллаб-қувватлаш бўйича содиқлигининг қўшимча белгиси ҳисобланади.

Шунингдек, тадбир давомида инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Бадриддин Абидов ҳам сўзга чиқиб, қуйидагиларни айтиб ўтди:

"Европа Иттифоқи Ўзбекистонга «GSP+» бенефициар мамлакати мақомини бериши ва ушбу имтиёзлар муддатини узайтириш бўйича қабул қилган қарори бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, жумладан давлат бошқаруви ва фуқаролик жамиятининг кучли институтларига эга демократик давлатни шакллантириш бўйича аниқ ўзгаришларнинг яққол халқаро эътирофидир.

«GSP+» доирасидаги имтиёзлардан ижобий фойдаланиш билан бир қаторда биз келгусида ҳам ушбу механизм мониторинги жараёнларида Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш ва тегишли халқаро конвенциялар талабларини амалга оширишда бирга ишлашга тайёрлигимизни билдирамиз.

Шу билан бирга, Европа Иттифоқи билан «GSP+» доирасидаги ҳамкорлигимиз мамлакатимизда бозор иқтисодиётини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган туб ислоҳотларни янада кенгайтириш мақсадида Европа томони билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларимизни янада кенгайтиришда сезиларли туртки бўлишидан манфаатдормиз".

Шунингдек, тадбирда сўзга чиққан «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раиси маслаҳатчиси Шаҳзода Қучқорова ва «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси раиси маслаҳатчиси Бектемир Муродов томонидан «GSP+» доирасида тақдим этилаётган имтиёзларнинг мамлакатнинг юксак салоҳиятга эга бўлган тўқимачилик ва электротехника саноатларидаги аҳамияти алоҳида эътироф этилди.

Таъкидлаш жоиз, Европа Иттифоқи билан савдо муносабатларини мустаҳкамлаш ва Ўзбекистоннинг экспорт географиясини кенгайтириш юзасидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида, 2022 йил якуни ҳолатига 628 та корхона томонидан (2021 йилнинг мос даврига нисбатан 116 та ортиқ) 647 миллион доллар миқдорида, яъни 2020 йилга нисбатан (292 миллион доллар) қарийб 2 баробардан ортиқ ҳажмдаги маҳаллий маҳсулотлар Европа бозорларига чиқарилган.

Жумладан, «GSP+» доирасидаги имтиёзлар асосида тўқимачилик саноатида – 177,4 миллион доллар (2021 йилга нисбатан ўсиш – 126,4 фоиз), кимё саноатида – 138,3 миллион доллар (4,7 баробар), қишлоқ хўжалиги ва озиқ овқат саноатида – 19,7 миллион доллар (103 фоиз), электротехника саноатида – 9 миллион доллар (117 фоиз) миқдоридаги маҳсулотлар Европа бозорига экспорт қилинди.

2022 йилда «GSP+» туфайли ўзбекистонлик экспортчилар 28 миллион еврога тенг импорт божларини тежаб қолишди. Бу Европа Иттифоқининг Ўзбекистон хусусий секторини ривожлантиришга қўшган катта ҳиссасидир. 2019 ва 2022 йиллар оралиғида бу кўрсаткич ўн баравардан кўпроқ ўсди.

Европа Иттифоқи «GSP+» мониторинги Комиссиясининг бўлиб ўтган матбуот анжуманида эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистон хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик, зўравонликка қарши курашиш, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларни яхшилаш бўйича бир қатор қонун ҳужжатларини қабул қилиш орқали БМТ конвенцияларини амалга оширишда муҳим ютуқларга эришгани эътироф этилгани таъкидланди.

«GSP+» имтиёзлар тизимининг бенефициар мақоми Ўзбекистон ва Европа бизнеси вакиллари ўртасида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий муносабатларни кенгайтириш имкониятини яратади.

Яна бир ижобий жиҳати – аҳоли фаровонлигига ижобий таъсир кўрсатилаётганлиги, яъни савдо алоқаларининг чуқурлашиши мамлакатимизда ишбилармонликни кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1