Яқинда Россия паспортини олган 350 дан ортиқ фуқаро Москва вилоятида ўтказилган рейдлардан сўнг армия сафига жўнатилди. Хавфсизлик кучлари икки ойдан бери омборлар, қурилиш майдончалари ва ширкатларни бориб, ҳарбий рўйхатдан ўтмаганларни қидирмоқда, дея хабар бермоқда База телеграм канали.
Маълум қилинишича, ҳарбий хизматдан бўйин товлаганларни қўлга олиш бўйича операция Тергов қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги раҳбарлари топшириғи билан 1 октябрь куни бошланган.
Дастлаб, полиция яқинда паспорт олган ва ҳарбий хизматда рўйхатдан ўтмаган фуқароларни топади. Кейин улар милиция бўлимларига олиб борилади, сўнгра ҳарбий рўйхатга олиш ва қабул қилиш бўлимларига топширилади.
Ҳарбий рўйхатга олиш ва комиссарлик ходимлари, сўнгги пайтларда Тергов қўмитасининг ҳарбий терговчилари милиция ходимлари билан биргаликда рейдларда қатнашмоқда.
Манбаларга кўра, октябрь ойи бошидан буён 350 дан ортиқ киши хизматга чақирилган.






