1

ДХХ Тошкент шаҳрида яширин нарколабораторияни аниқлади (видео)

ЖИНОЯТ 12.01.2024, 12:04
ДХХ Тошкент шаҳрида яширин нарколабораторияни аниқлади (видео)

Республика ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши муросасиз кураш олиб борилмоқда.

Хусусан, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Божхона қўмитаси ходимларини жалб қилган ҳолда ўтказилган махсус тадбир давомида Тошкент шаҳрида яширин фаолият олиб борган нарколаборатория фош этилди. Бу ҳақда ДХХ Матбуот хизмати хабар бермоқда. 


Жумладан, 1986 ва 1988 йилларда туғилган, олий маълумотли бўлган 2 нафар шахс логистика фаолияти билан шуғулланиш ниқоби остида Шайхонтоҳур туманидаги хонадонлардан бирида синтетик гиёҳвандлик воситаларини ишлаб чиқариш билан шуғулланишган.

Кўздан кечириш жараёнида хонадонда жами 56 та ўрамда 26 кг.га яқин “Мефедрон” гиёҳвандлик воситаси, синтетик наркотик тайёрлашда фойдаланиладиган 400 кг.дан ортиқ суюқлик ва кукун кўринишидаги кимёвий моддалар ҳамда хом-ашёлар, зарур асбоб-ускуналар борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Терговга қадар текширув давомида, гиёҳвандлик воситалари тайёрлашда фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, хом-ашё ва прекурсорлар хориждан келтирилганлиги ва тайёрланган наркотик моддаларнинг савдоси Интернет тармоғи орқали амалга оширилганлиги маълум бўлди.

Тадбир давомида олинган наркотик моддалар тахминан 80 минг “доза”ни ташкил қилиши ва қора бозордаги қиймати 900 минг АҚШ долларига тенглиги, шунингдек, нарколабораторияда сақланаётган 400 кг.дан ортиқ кимёвий моддалар ва хом-ашёлар ёрдамида 50 кг.га яқин “Мефедрон” синтетик гиёҳвандлик воситаси ишлаб чиқариш мумкинлиги маълум бўлди.

Нарколаборатория аниқланганлиги ҳолати юзасидан Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ДХХ Тергов бошқармаси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1