АсосийЖИНОЯТ

Тошкентда 240 минг доллар ноқонуний олиб чиқилиши ва 8400 доллар қалбаки валютанинг муомалага киритилишига чек қўйилди

Ҳозирда мазкур икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

'Тошкентда 240 минг доллар ноқонуний олиб чиқилиши ва 8400 доллар қалбаки валютанинг муомалага киритилишига чек қўйилди'ning rasmi

Тошкент вилоятида 240 минг АҚШ долларини мамлакатдан яширинча олиб чиқиб кетишга, пойтахтда эса 8400 доллар миқдоридаги қалбаки валютани муомалага киритишга уриниш фош этилди.

Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида чет эл валютасини Ўзбекистондан ноқонуний олиб чиқишга уринишга чек қўйилди.

Хусусан, Тошкент туманида жойлашган “Навоий” чегара-божхона постида 2005 ва 2009 йилларда туғилган икки нафар Қозоғистон фуқароси шахсий кўрикдан ўтказилган.

Текширув чоғида улардан бири оёғининг болдир қисмига скотч ёрдамида 160 минг АҚШ долларини, иккинчиси эса 80 минг долларини боғлаб, яширин равишда қўшни давлатга олиб чиқиб кетмоқчи бўлгани аниқланган.

Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан қалбаки хорижий валютани муомалага киритишга уринишнинг ҳам олди олинган.

Маълум бўлишича, Қибрай туманида яшовчи, 1999 йилда туғилган шахс Туркиядан олиб келинган 8400 АҚШ доллари миқдоридаги қалбаки пулни фойда олиш мақсадида сотишни режалаштирган. У Юнусобод туманида яшовчи, 1997 йилда туғилган шериги билан тил бириктириб, қалбаки долларни шартли харидорга ҳақиқий 3800 АҚШ долларига сотиш вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар