Тошкент вилоятида "фоизсиз кредит" ваъдаси билан 400 дан ортиқ фуқаронинг номига кредит расмийлаштириб, қарийб 17 млрд сўмни ўзлаштирган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ хабар берди.
Маълум қилинишича, гуруҳ аъзолари интернетда фоизсиз ва имтиёзли кредит олиб бериш ҳақида сохта эълонлар жойлаштирган. Қизиқиш билдирган фуқароларни олдиндан ижарага олинган ҳашаматли офисларга чақириб, уларнинг номига кредит расмийлаштирган.
Фирибгарлар, масалан, 100 млн сўм кредит расмийлаштирилса, унинг 50 млн сўми фуқарога берилиши, қолган қисми компанияда қолиши ва кредит тўловларини ўзлари амалга оширишини ваъда қилган.
Ишониб қолган фуқаролар ўз телефонлари орқали кредит расмийлаштирган. Натижада 400 дан ортиқ кишининг номига кредит олиниб, маблағларнинг ярми фирибгарлар томонидан ўзлаштирилган. Жами зарар қарийб 17 млрд сўмни ташкил этган.
Бироқ орадан вақт ўтиб, банклар кредит қарздорлигини ундириш бўйича талабномаларни фуқароларга юбора бошлаган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноий гуруҳнинг 6 нафар аъзоси ушланиб, қамоққа олинган. Тергов давом этмоқда.
ИИББ фуқароларни интернетдаги "фоизсиз кредит", "жуда кам фоизли кредит" ва "ҳужжатсиз кредит" каби шубҳали таклифларга ишонмасликка чақирди.






