Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида фуқароларни ноқонуний равишда “Умра” зиёратига юборишни ваъда қилган икки шахс ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманидаги авиокасса раҳбари “Умра” зиёратига юбориш ҳуқуқига эга бўлмаганига қарамай, бир фуқарони Саудия Арабистонига олиб бориш эвазига 1150 АҚШ доллари талаб қилган. ДХХ ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда у пулни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган шахс эса 3 нафар фуқарони Тошкент шаҳридаги гўёки “Умра” зиёратини ташкил этиш ваколатига эга бўлган туристик фирма орқали Саудия Арабистонига юборишни ваъда қилиб, жами 3150 АҚШ доллари талаб қилган.
Мазкур шахс сўралган маблағнинг 3,5 млн сўмини олган вақтда ДХХ, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ДХХ фуқароларни шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келганда 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирди. Мурожаат қилувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.






