Хитой компаниялари билан 70 миллион АҚШ долларлик шартномалар имзоланди

ИҚТИСОДИЁТ 24.01.2024, 21:59
Хитой компаниялари билан 70 миллион АҚШ долларлик шартномалар имзоланди

Хитойнинг Урумчи шаҳрида Ўзбекистон-Хитой биринчи ҳудудлараро бизнес-форуми ҳамда “Made in Uzbekistan” миллий кўргазмаси ташкил этилди.

Ушбу икки тадбирда Ўзбекистон делегацияси таркибида “Ўзчармсаноат” уюшмаси ҳамда унга аъзо корхоналар вакиллари иштирок этиб, Хитой компаниялари ва инвесторлари билан самарали мулоқот ва музокаралар ўтказди.  

“Ўзчармсаноат” уюшмаси делегацияси Хитойнинг чарм-пойабзал соҳасида фаолият юритаётган йирик компаниялари билан ҳамкорлик йўналишларида музокаралар олиб борди. Музокаралар давомида Хитой компанияларига юртимизда давлат томонидан инвесторлар учун берилган имкониятлар, соҳанинг бугунги кундаги ҳолати, экспорт географияси ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифат кўрсаткичлари юзасидан тақдимот ўтказилди. 

Хусусан, Хитойнинг “Wenzhou Jinsheng Trading Co.,Ltd” va “Veng Yubiao” каби компаниялари билан юртимизда чиқиндисиз ишлаб чиқариш технологиясини жорий этиш мақсадида қорамол терисини чуқур қайта ишлаш ва енгил турдаги пойабзал (тапочка) учун хомашё ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича музокаралар ўтказилди.  

Шунингдек, “Made in Uzbekistan” кўргазмасига ташриф буюрган хитойлик компанияларга маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган чарм-пойабзал ва желатин маҳсулотлари намойиш этилди. Жумладан, Хитойнинг “Yangling Guohe Cross-border E Commerce Co., Ltd” va “Zaozhuang Tong You Trading Co.,Ltd” каби компаниялари томонидан маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилаётган чарм маҳсулотларини сотиб олиш таклифлари билдирилди. 

Хитойнинг “Пус” компанияси ижрочи директори Лансе Лию билан ўтказилган музокараларда юртимизда давлат томонидан инвесторлар учун берилган енгилликлар юзасидан маълумот тақдим этилди. Хорижий компания томонидан юртимизда желатин маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича 10 миллион АҚШ долларлик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш таклифи билдирилди. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўладиган ер майдонини аниқлаш мақсадида, ҳамкорлар жорий йилнинг март ойида Ўзбекистонга ташриф буюришига келишиб олинди.  

Бундан ташқари, кўргазма майдонига ташриф буюрган Хитойнинг “Wuxi Hanlin Industrial Technology Co., Ltd.” компанияси билан юртимизда ишлаб чиқариш жараёнлари хусусан, пойабзал маҳсулотларини ишлаб чиқаришда зарур бўлган клей маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича музокаралар ўтказилди.  

Шунингдек, экспорт йўналишида ҳам кўплаб хорижий компаниялар билан учрашувлар ўтказилиб, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намойиш этилди. Жумладан, Хитойнинг  “Shenzhen Shunliyuan Import and Export” компанияси томонидан “Нафис Чарм”, “Baraka leather” ва “Ҳамкор Нур Савдо” маҳаллий корхоналарида ишлаб чиқарилаётган чарм маҳсулотларини сотиб олиш таклифлари билдирилди.  

Сурхондарё вилоятида фаолият олиб бораётган  “Top Quality Brend” корхонаси ва Хитойнинг “Power Uhuru Share Ltd” компанияси ўртасида бўлиб ўтган музокараларда мамлакатимизда желатин хом ашёсини ишлаб чиқариш бўйича фикр алмашилди. Халқаро стандартлар асосида йўлга қўйиладиган лойиҳа 2024-2025 йилларда амалга оширилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 20 миллион долларни ташкил этади. Музокаралар якуни билан томонлар келишув шартномасини имзолади.  

Музокаралар сўнгида Хитой компаниялари билан умумий қиймати 70 миллион АҚШ долларлик савдо-инвестиция шартномалари имзолашга эришилди.  

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1